Коронавирус: Ўшда ароқ сотиш тақиқланиб, яна рухсат берилди

Коронавирус хавфи ортидан жорий қилинган фавқулодда ҳолат пайтида одамларни спиртли ичимликлар ичиб, роҳатланиб, маст бўлиши ва юз бериши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларни олдини олиш мақсадида бундай қарорга келингани айтилмоқда.

Куни-кеча, Ўш шаҳри, Новқат ва Қорасув туманлари коменданти Малик Нурдинов дўкон сотувчиларига спиртли ичимликлар сотмаслик тўғрисида буйруқ чиқарган. Бироқ у орадан кўп ўтмай ўз буйруғини бекор қилишга мажбур бўлган.

Нурдиновнинг таъкидлашича, спиртли ичимликлар муаммоси аввал ҳам жамиятда бўлган. Фавқулодда ҳолат, комендантлик соати жорий этилиши билан бу нарса яна алоҳида назоратни талаб қилади.

aroq

«Ҳозир роҳатланиб, айланиб юриш пайти эмас. Аммо баъзилар спиртли ичимликлар ичади, иккинчи ва учинчи шишани олгани боради. Шу тариқа одам комендантлик соати қоидаларини бузади, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари билан низолашади ва баъзилар мошина ҳайдаб, бахтсиз ҳодисага учрайди. Биз фуқароларнинг хавфсизлиги учун спиртли ичимликларни тақиқладик» дея урғулайди комендант Малик Нурдинов ўз буйруғида.

Унинг сўзларига кўра, дўкон сотувчиларига 15 кун мобайнида спиртли ичимликларни сотмаслик тавсия қилинади. Агар сотиш тўхтатилмаса, солиқ, маҳаллий ва ҳуқуқ тартибот идоралари тегишли чораларни кўради.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 21 апрелдаги маълумотига кўра, коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 590 нафарга етган. Улардан етти киши вафот этиб, 216 киши шифо топган.

Комендантнинг спиртли ичимликларни сотувини тақиқловчи буйруғи қисқа вақт ичида тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган ва улар мазкур фармон юзасидан норозилик аризаси билан судга мурожаат қилган.

bbc

«Афсуски, баъзи тадбиркорлар комендант буйруғи баъзи қонунларга қарши келишини айтиб, ундан норози бўлган ва юқори инстанцияларга ариза билан мурожаат қилишибди. Бу масалани маҳаллий қишлоқ депутатлари ҳам қараб чиқиши керак экан. Унгача мазкур қарорни вақтинчалик тўхтатиб туришга мажбур бўлдик», дейди комендант матбуот котиби Жениш Аширбаев маҳаллий нашрларга берган интервьюсида.

Маълумотларга кўра, комендантлик соати пайтида кўчада юрганларнинг 30 фоизини маст одамлар ташкил қилади.

Маҳаллий аҳоли ҳар замон ҳуқуқ тартибот идораларига дўконларда спиртли ичимликлар сотувини тақиқлаш, маст одамлардан безор бўлгани юзасидан мурожаат қилишади. Бироқ шаҳардаги аксарият магазинларда ароқлар очиқ сотилаверади.

Бунгача Қирғизистоннинг турли вилоятларида спиртли ичимлик ичиш оқибатида маст бўлиб, маиший ва оилавий жанжаллар, ҳаттоки ўлим билан якунланган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Унинг ортидан баъзи ҳудудларда оқсоқол ва фаоллар дўконлардаги ароқларни сотиб олиб, синдириб йўқ қилишган.

Ўшнинг Жапалоқ қишлоқ ҳудудида ҳам барча дўконларида спирт ичимликларини сотиш ман қилиниб, 4000 долларга яқин мавжуд ароқлар эса сотиб олинган ва чиқинди ташланувчи жойга олиб бориб синдирилган.

Шунингдек, қишлоқ ҳукуматидаги 13 қишлоғида келажакда спирт ичимликларини сотадиганларга 5 мингдан 10 минг сўмгача (60-120 доллар атрофида) жарима пули солиниши ҳақида қарор қабул қилинган.

Бунга мазкур қишлоқ яшовчиси 83 ёшли оқсоқолни маст ҳолатида 79 ёшдаги ўз кампирини пичоқлаб ўлдиргани сабаб бўлган.

Рафиқасини ўлдирганликда гумонланган 83 ёшли чол, кампири билан 1956-йили оила қуриб, 61 йиллик ҳаётлари давомида 2 ўғил ва 4 қизни тарбиялаб вояга етказганлар ва бир нечта набираларга эга бўлган.

«Ўша куни бироз ширакайф эдим. Кампирим иккаламиз таомланиб ўтириб, айтишиб кетдик. Мен уни «мол-холни вақтида қараб, чўп-сувини бериб қўймайсанми» деб койидим. У менга гап қайтарганда жаҳл устида, стол устидаги пичоқни уни қулоқ тагига тортиб юборганман. У бақириб ҳовлига қочиб, чиқиб кетган» – дея воқеани сўзлаб берган чол.

Терговни бошланғич натижаларига кўра, марҳума М.А.бўйнига санчилган пичоқни ушлаган холда кўчага ёрдам сўраб югуриб чиққан. Кўп қон йўқотганлиги сабаб уйнинг олдида йиқилиб, ўша ерда жон берган. Экспертиза хулосасига кўра, гумонланувчи Т.М. ўша пайтда спирт ичимлигини истеъмол қилганлиги аниқланган.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ