Қирғизистон шерик мамлакатлар ва халқаро донорлардан ёрдам сўради

Қирғизистон шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб боради ва улардан ёрдам сўрайди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев Азаттиқ билан суҳбатда айтиб ўтди.

Унга кўра, тожливирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини билан курашиш, парламент ва президент сайловларини ўтказиш, конституциявий ислоҳотларни ўтказиш ва энг муҳими, 35-50 миллиард сомга етиши мумкин бўлган давлат бюджети камомадини қоплаш учун ёрдам сўралмоқда.

Қазақбаев Қирғизистонга халқаро ташкилотлардан ёрдамни тўхтатиб қўйиш тўғрисида расмий ҳужжатлар келмаганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, халқаро ташкилотлар мамлакатдаги сиёсий воқеалар ривожини кузатмоқда. «Ҳозир дунё ҳамжамияти Қирғизистондаги парламент сайловларидан сўнг Қирғизистондаги вазиятни алоҳида эътибор билан кузатмоқда. Кўп саволлар берилмоқда, биз уларга жавоб берамиз. Лойиҳаларни тўхтатиб туриш тўғрисида расмий ҳужжатларни олмадик. Мен элчилар билан учрашганимда улар хавотир билдиришади, аммо улар лойиҳаларни тўхтатиб туриш ҳақида гап кетмаслигини айтишади», — деди Қазақбаев.

У Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари билан музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.

27 октябрь куни Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси Европа Иттифоқининг рақамлаштириш учун режалаштирилган 6 миллион еврони 2021-йилга қолдирганлигини хабар қилди. Бунгача ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев Европа Иттифоқидан бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ёрдам сўраганлиги ҳақида хабар берилган эди. Молия вазирлиги хабар беришича, Бишкек Россиядан ваъда қилинган 100 миллион доллар кутмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ