Хитой Қирғизистондаги ишчиларининг хавфсизлигини таъминланишини сўранди

Хитой Қирғизистон ҳукуматидан Чуй ва Жалолободда фаолият юритаётган компанияларнинг хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришни сўради. Бугун 16-октябрда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Дэвэнни қабул қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Хитой элчиси Қирғизистонда фаолият юритаётган хитойлик компаниялар ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашда ёрдам сўради ва Жалолободнинг Ола-Буқа туманидаги «Full Gold Mining» ва Чуй вилоятининг Панфилов туманидаги пластмасса заводи ҳақида хавотир билдирди.

Вазир Қазақбаев ҳукумат Қирғизистонда ишлаётган хорижий компаниялари ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини айтди ва яқин кунларда Хитой томони билан шу ҳақда музокара  ўтказишни таклиф қилди.

Учрашув чоғида вазир Қирғизистондаги сўнгги ички сиёсий вазият ҳақида ҳам маълумот бериб, вазият аста-секин барқарорлашиб, мамлакат қонуний давлатга қайтаётганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат ва бошқа давлат ва маъмурий идоралар одатдагидек ишлаяпти.

Икки мамлакат ўртасидаги келишувларни амалга ошириш ва тожливирусга қарши кураш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қирғизистоннинг 4.106 миллиард долларлик ташқи қарзининг 1.775 миллиард доллари Хитойнинг экспорт-импорт банки ҳиссасига тўғри келади. Сентябрь ойида собиқ президент Сўўрўнбай Жээнбеков Хитой раҳбариятига қарзларни тўлашни енгиллаштириш ва узайтириш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилган эди. Хитой томони ҳозирча изоҳ бермади.

4-октябрдаги парламент сайловларидан кейинги норозилик намойишлари Қирғизистонда сиёсий инқирозни келтириб чиқарди. Натижада пойтахт Бишкекда тартибсизликлар бошланиб, шу каби ҳодисалар жойларда содир бўлган. Хорижий инвесторлар, хусусан хитойлик инвесторлар томонидан бошқариладиган баъзи компанияларга ҳужумлар содир бўлди.

16-октабрь куни президент лавозимидан истеъфога чиққан Сўўрўнбай Жээнбеков парламентда «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўл лойиҳаси ҳақида гапирди ва давом эттиришни янги ҳукуматга омонат қатори топширганини айтди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ