Ўзбекистонда қўлга олинган Қорасув туман ҳокими Қирғизистонга топширилди

Ўзбекистон чегара хизмати 9 октябрда чегарадан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган Қирғизистоннинг Қорасув туман ҳокими Тилек Матраимов ва унинг ҳамроҳлари Зиябиддинбек Қўчқўрбаев, Мақсуд Аҳмедовни қўшни давлат ҳуқуқ-тартибот органларига топширди. Чегарани ноқонуний бузиб ўтаётганда Ўзбекистонда қўлга олинган бу мансабдорлар Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг билдиришича, мазкур уч шахсга нисбатан Қонунбузарликлар тўғрисидаги Кодекснинг 358-моддаси (давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилиш) асосида тергов ишлари бошланган.

Т. Матраимов 8 йилдан бери Қорасув туман маъмуриятини бошқариб келаётган эди. Шу йил 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайлови олдидан у соғлиғи ёмонлашганини айтиб, таътилга чиққан.

Тилек Матраимов, Зиябиддинбек Қўчқўрбаев ва Мақсуд Аҳмедов 6 октябрда чегарани ноқонуний кесиб ўтган пайтда Ўзбекистонда қўлга олингани хабар қилинган эди.

Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг ўринбосари Раимбек Матраимов ва парламент депутати Искендер Матраимовнинг укасидир.

4 октябрда Қирғизистонда ўтган парламент сайловида Матраимовларга мансуб экани атиладиган “Мекеним Қирғизистан” ва амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков номзоди кўрсатилган “Биримдик” партиялари ғалаба қозонгани эълон қилгани ортидан Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Норозилар босими остида Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ