Картошка, ун йўқ, бўлса, қиммат, бошимиз қотиб қолган – коронавирус ва Ўшдаги ҳаёт

Қирғизистонда ҳам коронавирусни юқтириш ҳоллари кўпайиб борар экан, мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинган ва аксар ўрта ва кичик бизнеслар фаолиятини вақтинчалик тўхтатган. Бу эса ишсизлар сони ортишига ва кундалик ҳақ олиб, рўзғор тебратиб келган инсонларнинг даромади озайишига сабаб бўлган.

Расмийлар давлат ғазнасида аҳоли учун етарли озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги, мамлакатда очарчилик бўлмаслиги, бироқ иқтисодиёт заифлашиб бораётганини айтаётган бир паллада, дўконлардаги нарх-наволар ошиб бормоқда:

Бош вазир Муҳаммедқалий Абилгазиев республикадаги барча муҳтож одамлар озиқ-овқат билан таъминланишини, давлат уларни эътибордан қолдирмаслигини ваъда бериб келади.

Махаллий расмий идора вакилларини, давлат захирасидан ажратилган унларни кам таъминланган оилаларга етказиб беришда камчиликларга йўл қўяётгани, муҳтож оилаларни камситиш ва ҳоллари учраётгани фуқаровий жамият вакиллари тарафидан кескин танқид қилинмоқда.

Аҳоли учун ун

Инсонпарвалик ёрдами сифатида тарқатилган унларнинг эскириб қолгани, ичидан қурт чиққани ҳақидаги видеолар Интернетда тарқалди.

Ҳукумат эса давлат захирасидаги унларнинг сифати тез-тез текширилиб ва янгиланиб турилишини, уларнинг ичидан қурт чиққанлиги ҳақидаги маълумот ҳақиқатдан йироқ эканини урғуламоқда.

Шунингдек, давлат тарафидан тарқатилаётган унларни, айрим сиёсий партия вакиллари ўз номларидан одамларга бераётгани ҳам айтилмоқда

«Ўшда «Биримдик» партияси давлат инсонпарварлик ёрдамини ўзлари номидан тарқатишаяпти. Ижтимоий ҳимоя вазири қаерга қараяпсизлар?», дея саволга тутади ўшлик фаол Гулгаки Мамасалиева.

Бу иддаони «Биримдик» партияси ва Ўш шаҳар ҳокимлиги ҳам қатъиян рад этди.

«Давлат захирасидан Ўш шаҳридаги муҳтож ва кам таъминланган оилалар учун 130 тонна ун ажратилган. Ундан 50 тоннаси бизга келди ва 5-6 апрел кунлари махаллий ҳукумат идора вакиллари иштирокида манзилларга етказилиб берилди. Қолган 80 тоннаси ҳам комиссия орқали муҳтож оилаларга тарқатилади. Унлар партия номидан тарқатилаяпти деган гаплар асоссиз», дейди Ўш шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Азамат Абсаттаров.

Шерзод Муҳидинов

Фаоллар ёрдами

Бугунги кунда ҳукм сураётган карантин ва иқтисодий инқироз пайтида, муҳтожларга ёрдам бериш мақсадида республика бўйлаб ташкил этилган хайрия жамғармалари ва фаоллар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда.

Улардан бири, мамлакатда коронавирус қайд этилиб, фавқулодда ҳолат эълон қилинганнинг илк куниданоқ кам таъминланган оилаларги кўмак кўрсатишни бошлаган ўшлик фаол Шерзод Муҳиддинов.

У 24 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида: «Дўстлар! Агар сиз ёки қўшниларингизга маҳсулот керак бўлса, менга мурожат қилинг. Мен бир неча кило ун, сарёғ, картошка олиб бориб беришим мумкин. Бепул», деган ёзувни қолдирган.

Ушбу постни қисқа вақт ичида беш минга яқин инсонлар ўртоқлашган, унинг остига юзлаб изоҳ ва муҳтож оилаларнинг манзилларини қолдиришган.

«Аввалига ўзим билган, танишларим айтган оилаларга уйимдаги маҳсулотлардан олиб, яна керак бўлса, магазиндан харид қилиб, мошинамда олиб бориб бердим. Фейсбукка ёзганимдан кейин оилалар сони яна кўпайди. Ҳеч ким билан маслаҳатлашмадим ҳам, шунчаки ўзим шу ишни амалга оширдим. Кунига 8-10 та оилаларга кўмак кўрсатдим», дейди суҳбатдошим Шерзод Муҳиддинов.

Унинг кўмагидан баҳраманд бўлган ўшликлар, ижтимоий тармоқлар орқали миннатдорлик билдира бошлаган ва унга қўшни давлатлардан ҳам мурожат қилишган.

«Менга жуда кўп ўзбекистонликлар ҳам ёзишди. Улардан узр сўраб, бошқа давлатда, шаҳарда эканлигимни тушунтирдим. Бир тошкентлик аёл: «менга бор йўғи бир литр сут керак, бошқа ҳеч нарса керакмас деб ёзиб юборибди. Нимага айнан сут деб сўрасам, «эмизикли гўдагим бор, ўзимда эса сут йўқ,» деди. Илтимосини рад эта олмадим. Тошкентдаги дўстимга қўнғироқ қилиб, аёл вазиятини тушунтирдим. У аёлга маҳсулот ва сут олиб бориб берди» дейди хусусий тадбиркор Шерзод.

Шерзод Муҳидинов

Суҳбатдошим сўзларига кўра, шаҳардаги вазият кундан-кунга мураккаблашиб, ҳаракатланишга чекловлар қўйила бошлаган сари, муҳтожларга ёрдам бериш ҳам қийинлашган. Унинг фаолиятидан бохабар бўлган милиция ходимлари, кўп жойларда рухсат қоғозисиз ҳам ўтказиб юборишган.

Суҳбатдошим бир ҳафта ичида 45 дан зиёд оилага ёрдам қўлини чўзган. У ҳар бир оиланинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, маълум миқдорда ун, ёғ, шакар, картошка, мева каби маҳсулотлар ва дорилар етказиб берган. Шерзоднинг қилаётган ишидан хабардор бўлган тадбиркор ва саховатпеша одамлар ҳам унга ўз кўмагини таклиф қилишган. Бироқ у шахсий маблағи ва шаҳардаги ҳаракатланиш чеклангани боис, бу ишини давом эттира олмаган.

Шерзод кўмак кўрсатган барча инсонлар ҳам ундан миннатдор бўлавермаган. Уни инсонпарварлик ёрдамидан оз қисминигина одамларга тақсимлаётганликда гумон қилишган.

«Бир аёл ҳам ёрдам беришимни сўради. Борсам, у мени қандайдир хайрия ташкилоти ёрдамларини тарқатиб юрадиган одам деб ўйлабди. Мен ўзим бу ишни қилаётганимни билмади. «Шулар холосми, кўпроқ берсангизлар бўларди. Қолганини уйингизга олиб кетасизларми?» дегандек гап қилди. Мен унга, «Йўқ, ўзим уйимда еяётган нарсаларимдан сизларга ҳам баҳам кўраяпман. Бу менинг оилам номидан, ҳеч қандай ташкилотники эмас», дедим. Яна бир танишим ҳам, қўнғироқ қилиб: «Ёрдам тарқатиб юрибсан экан, менга ҳам олиб келиб бермайсанми? Ташкилот инсонпарварлик ёрдамини уйингга тушириб бергандур?» деди. Ваҳоланки, у ўзига тўқ одам», дейди раҳмат ўрнига танбеҳ эшитган саховатпеша Шерзод Муҳиддинов.

«Аравон биргамиз»

Аравон биргамиз

Аҳолисининг ўртача ойлик маоши $200 долларни ташкил этган Қирғизистонда, аксарият инсонлар ўрта ва кичик тадбиркорлик билан шуғулланади.

Турли маиший хизматларда ишлаб, кундалик тирикчилигини ўтказаётган оилалар ҳам талайгина. Олис туман ва қишлоқлар аҳолиси эса асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади ва ундан топган йиллик даромади билан оила боқади.

Бу йил коронавирус сабаб жорий этилган фавқулотда холат ва карантин ортидан, туманлардаги баҳорги деҳқончилик ишлари ҳам кечиккан.

Аравон биргамиз

Ўш вилоятининг Аравон туманида ҳам коронавирус сабаб иқтисодий инқироздан азият чекаётган оилалар учун инсонпарварлик ёрдамини бериш мақсадида, жорий ой бошида «Аравон биргамиз» гуруҳи ташкил этилди.

Махаллий фаоллардан ташкил топган ушбу гуруҳ, тумандаги кам таминланган оилалар учун озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беради.

«Фаолиятимизни асосан ҳомийларимиз кўмагида амалга оширамиз. Биз яқинда ташкил этилганимиз учун ҳали кўп одам билмайди. Энди Россия, Бишкекдан алоқага чиқишаяпти. Улар берган пул, озиқ-овқат маҳсулотларини, 40 муҳтож оилага етказиб бердик», дейди биз билан суҳбатда гуруҳ раҳбари Мирлан Нурбаев.

Унинг сўзларига кўра, инсонпарвалик ёрдамини тенг тақсимлаш мақсадида Араван туманидаги 8 та қишлоқда яшовчи 5 кам таъминланган оилалар, махаллий мутахасислар тавфсияси билан танлаб олинган. Келажакда ҳам бу усул асосида муҳтож оилаларга кўмак кўрсатилиши режаланган.

Хайрия гуруҳи улашаётган инсонпарварлик ёрдами оиланинг икки ҳафталик эҳтиёжига етади. Улар, ун, ёғ, макарон, шакар, чой, полиз экин маҳсулотлари ва кир ювиш кукуни каби кундалик маҳсулотлардан иборат.

Шунингдек, мазкур гуруҳ шифохона, соғлиқни сақлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳам тиббий жиҳозлар, ҳимояланиш воситаларини етказиб беради.

«Аравон биргамиз» гуруҳи кундалик олиб бораётган ишлари ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига ҳисобот бериб боради. Улар ўз фаолиятини фавқулотда холат ва карантин тугаганидан кейин ҳам давом эттириш ниятида.

Расмий маълумотларга кўра, Ўш вилоятида кам таъминланган 6480та оила бор. Улар Уруш фаҳрийлари ва афғончилар билан биргаликда 28 мингни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами

«Ҳориж ва қўшни давлатлар ёрдами»

Қирғизистон расмийлари коронавирусни олдини олиш ва у билан курашишда ҳалқаро ташкилотлардан ёрдам сўраб келади.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков 2 апрел куни Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел билан телефон суҳбатида, Қирғизистонга моддий ёрдам беришни илтимос қилган.

Бунгача эса, давлат раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга ҳам мурожат қилиб, коронавирусга қарши курашишга ажратилган 2 млрд доллар миқдоридаги инсонпарварлик ёрдам ишларини бошлаш учун глобал режа тузиш бўйича ташаббусини қўллаб қувватлашини маълум қилган.

Расмий маълумотларга кўра, «Осиё ривожлантириш банки» Қирғизистонга тиббиёт йўналишида коронавирусга қарши курашиш учун 200 минг доллар берадиган бўлган.

«Жаҳон банкининг» Қирғизистондаги ваколатхонаси маълумотига кўра, мазкур жамғарма ҳам республикага 12 миллондан ортиқроқ кўмак кўрсатишга қарор қилган.

Жорий йилнинг 27 март куни «Ҳалқаро валюта жамғармаси» COVID-19 вирусига қарши курашиш ва давлат бюджетини қўллаш учун Қирғизистонга 120,9 миллион доллар бериши хабар қилинган.

Бугунги кунгача Қирғизистонга АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Япония, Германия, Швейцария ва Қувайт каби давлатлар ҳам кўмак кўрсатган. Улар асосан коронавирусни аниқловчи тиббий жиҳоз ва ундан сақланиш учун керак бўладиган буюмлар берганлар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 1 апрел куни Қирғизистонга коронавирус «COVID-19» касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами юборилган.

Ёрдам 1000 тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системаларидан иборат бўлган.

Ўзбекистон юборган инсонпарварлик ёрдами 2 апрел куни темир йўл орқали Ўш шаҳрига етиб келган. Уни Қирғиз ҳукуматининг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Узарбек Жилқибаев бошчилигидаги расмийлар қабул қилган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаши вазирлигининг маълумотига кўра, 8 апрель куни коронавирусга чалинганлар сони 270тага етган. Хасталикни юқтириб олганлардан 25 нафари соғайган, 4таси эса вафот этган.

Шунингдек, коронавирусни 32 нафар шифокор ҳам юқтириб олгани маълум бўлди.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ