Россияда ўз ватандошларини алдаб, чегарадан олиб ўтиб қўяман деган фирибгар қидирилмоқда

Россияда Қирғизистон фуқароларини автобусда олиб кетишни ваъда қилиб, алдаган шахс қидирилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, ўзини элчихона ходими деб таништирган Қубаничбек Жээнқулов Қозоғистон чегарасини очганини айтган. У ердан у автобус орқали чегарадан ўтказишга ёрдам бераман деб ҳар бир кишидан 7000 рублдан олиб Бошқирдистондан Оренбургга автобусда олиб келган. Натижада, фирибгарлар тузоғига тушган юртдошлар аросатда қолишган. 22 киши элчихонага шикоят билан мурожаат қилди.

«Қубаничбек Жээнқулов деган элчихона ходими йўқ. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси уни жиноий жавобгарликка тортиш учун қидирмоқда. У ноқонуний маблағ йиғгани учун қаттиқ жазоланади. Элчихона ўз ватандошларини бундай жиноятларнинг олдини олишга ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун маълумотларни беришга чақиради.» , – дейилади баёнотда.

Шикоятларни Россиядаги элчи Аликбек Жекшенқуловнинг elchi.ru  веб-сайтидаги шахсий блогига ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Россиядаги ваколатхонасига электрон почта орқали [email protected] ёки +7 (926) 890 87 00 ишонч телефони орқали юбориш мумкин. Махфийлик кафолатланади.

Айни пайтда Оренбург вилоятининг Россия-Қозоғистон чегарасида Россия шаҳарлари ва Бошқирдистон Республикасидан 3500 дан ортиқ Қирғизистон фуқаролари тўпланган.

Элчихона Қозоғистон томонидан автобусларнинг Қозоғистон ҳудудидан ўтиши учун «яшил йўлак» очишни сўради. Жавоб ҳали келмаган.

Шунингдек, Оренбург вилояти ва Бошқирдистоннинг маҳаллий ҳокимияти билан ҳамкорликда у ердаги қирғизистонликлар учун шароит яратиш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Айни пайтда Россия томони уларга ётоқхоналар ва болалар лагерларида бепул турар жой, шунингдек, чодирлар лагерини беришмоқда. Баъзилар меҳмонхоналар ва ётоқхоналарга жойлаштирилган. Фуқароларга уч маҳал бепул таом берилмоқда.

Шу билан бирга, элчихона вакиллари ватандошларга Қозоғистон ҳали ҳам чегараларини тўлиқ очмаганлигини огоҳлантириб айтмоқда ва уларни ўзбошимчалик билан келиб йиғилмасликка чақиради.

Элчилик иложи борича, самолётда учишни тавсия қилади. Шунингдек, элчихона рейслар сонини кўпайтириш ва чипталар нархини пасайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ