Дубай-Бишкек-Дубай рейсида кимлар Қирғизистонга кела олади?

Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги рейслар қайта тикланди, илк парвозлар 14, 21 ва 28-август кунлари учадиган бўлди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Дубайдаги Бош консуллиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, «Дубай – Бишкек – Дубай» рейси жума кунлари амалга оширилади ва биринчи рейс 14 августда амалга оширилади. Йўловчилар аэропортда COVID-19 учун бепул экспресс-тестдан ўтадилар.

Ушбу самолетда кимлар Қирғизистонга кела олади:

Қирғизистон фуқаролари;

Қирғизистон фуқароларининг яқин қариндошлари бўлган чет элликлар (эр ёки хотин, болалар, ота-оналар);

Қирғизистоннинг меҳнат визаси билан чет эл фуқаролари;

Қирғизистон Республикасида рўйхатдан ўтган дипломатик ваколатхоналар, элчихоналар, халқаро ташкилотлар ходимлари;

Хорижий расмий делегация аъзолари.

Юқоридаги рўйхатга мос келмайдиган томонлар Қирғизистонга учиб кела олмайди. Дубай аэропорти орқали транзитда учадиган одамлар тожливирус тестидан ўтишлари керак ва қўлида тест натижалари бўлиши шарт.

Шунингдек, Бишкекдан Бирлашган Араб Амирликларига учаётган Қирғизистон фуқаролари белгиланган мамлакатнинг миграция хизматидан рухсат олишлари шарт. Бундан ташқари, тожливирус йўқлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома талаб қилинади.


Aлоқадор хабарлар

Изоҳ