Адвокат: Азимжон Асқаров хасталиги сабаб қамоқдан озод этилиши керак

Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг июнида юз берган этник, қонли воқеаларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Азимжон Асқаровнинг адвокати Валерян Вахитов, Жазони ижро этиш хизматидан ҳимоясидаги инсонни хасталиги сабаб озод этишни талаб қилган.

Вахитов “Озодлик”нинг қирғиз хизматига маълум қилишича, ҳуқуқ ҳимоячисининг тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал ва бошқа касалликлари кучайиб кетганлиги тўғрисида хабар олишган.

“Йўқ деганда Азимжон Асқаровни касалхонага ётқизиш керак”, дейди адвокат.

Жазони ижро этиш давлат хизматининг мутбуот котиби Самат Қалиқов Азимжон Асқаровнинг соғлиги яхши экани, унга қўшимча дорилар керак эмаслигини айтган. Шунингдек, идора вакили маҳкумни қамоқдан озод этиш илтимосини адвокат судга йўллаш кераклигини, мазкур муассаса фақат буйруқни бажарувчи идора эканини таъкидлаган.

Жорий йилнинг 13 май куни Бишкекда Олий суд бир умрга қамалган ҳуқуқбон Азимжон Асқаровнинг кассация тартибидаги аризасини қўриб чиққан ва ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган миллий низода иштирок этиш ва милиция ходимини ўлдиришга оид айбловлар билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Азимжон Асқаров ҳар доим айбловларни рад этиб келган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кузатувчилар Азимжон Асқаров ноҳақ қамалиб, қийноқларга солинганини айтиб, унга қўйилган айбловлар исботланганини савол остига олишади ва ҳуқуқ ҳимоячиси иши қайта адолатли кўриб чиқилиши зарурлигини урғулайдилар.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ