Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди 9 июнда коррупцияда айбланган Қирғизистон собиқ Бош вазири Сапар Исақовни 18 йилга кесди.
Суд Сапар Исақов ва президент маъмуриятининг собиқ бўлим бошлиғи Мира Қарибаевани Бишкекдаги тарих музейини таъмирлаш ҳамда Чўлпўната шаҳар отчопарини қайта тиклаш жараёнида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда айбдор деб топди.
Туман суди Сапар Исақов бир неча йилдан бери ҳибсда сақланаётганини ҳисобга олган ҳолда, унинг жазо муддатини 2018 йилнинг 5 июнидан бошлаб ҳисоблади.
Суд, шунингдек, Сапар Исақовга 247 миллион сўм (таҳминан 3 миллион 334 минг доллар) миқдорида жарима солди.
Сапар Исақовнинг ҳимоячилари суд ҳукми билан норози эканликларини ва ҳукум устидан шикоят аризасини киритишларини билдирдилар.
Суднинг 4 июндаги йиғилишида прокурор Сапар Исаковни Бишкек иссиқлик электр марказини таъмирлаш жараёнида коррупцияга йўл қўйганликда айблаб, 20 йилга қамашни талаб қилган эди.
43 яшар Сапар Исақов жиноий ишларда айбланиб айни пайтда ҳибсда сақланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг энг яқин одамларидан бири сифатида кўрилади. 2017 йилда Бош вазир лавозимига сайланган Сапар Исақов 2018 йилнинг 19 апрель куни Қирғизистон парламенти Ҳукуматга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилгани ортидан истеъфо беришга мажбур бўлган эди.
Бишкек Иссиқлик электр станцияси Сапар Исақов бош вазир бўлиб турган 2017 йилда 385 миллион долларга модернизация қилинган. Бироқ қиш мавсумининг энг аёзли кунларида янги таъмирдан чиқарилган иссиқлик электр станциясида фавқулодда ҳолатда авария юз бериб, Қирғизистон пойтахти аҳолиси ўн кундан кўпроқ совуқда қолган.
Шу билан бир қаторда собиқ Бош вазир Бишкекдаги тарих музейини таъмирлаш ҳамда Чўлпўната шаҳар отчопарини қайта тиклаш жараёнида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштириб олишда айбланган.