10 кунда 7 та кўча асфальтланиб, фойдаланишга топширилади

Ўш шаҳар мэри Жанарбек Акаев яқин кунларда фойдаланишга топшириладиган йўл объектларини кўздан кечириб, қурилиш ишларининг бориши ва бажарилаётган ишлар сифатини жойида текширди. Шаҳар раҳбари тегишли муассаса ва корхоналар раҳбарлари билан биргаликда йўлларнинг сифати ҳамда топшириш муддатларига риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳозирда Ўш шаҳрида йўлларни таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Келгуси 10 кун ичида Тўлонов, Қурманжан Датка кўчалари, «Жибек-Жолу» муниципал ҳудудий бошқармасига қарашли №101, №111 кўчалар ва бошқа қатор участкаларни қўшиб ҳисоблаганда, жами қарийб 10 километр йўл асфальтланиб, фойдаланишга топширилади.

Бундан ташқари, Г. Айтиев ва Б. Осмонов кўчалари кесишмасидаги эстакадали кўприк қурилиши якунланиш арафасида. Айни пайтда объектда сўнгги босқичдаги ишлар бажарилмоқда. Кўприк Қирғизистон Республикаси Мустақиллик куни муносабати билан очилади.

Шунингдек, Б. Осмонов кўчасининг Муқимий кўчасидан Дўстлик айланма йўлигача бўлган қисмида қурилиш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Бу ерда йўл асоси тайёрланиб, текислаш ишлари олиб борилмоқда. Асфальт ётқизилгандан сўнг йўлни октябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Қурилиш ишларини белгиланган график асосида якунлаш учун ишчи гуруҳлар икки сменада ишламоқда. Текширув якунлари бўйича шаҳар раҳбари тегишли раҳбарларга барча йўл объектларини сифатли ва ўз вақтида якунлаш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ