Қирғизистонлик таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг қамоқхонада вафот этганига беш йил тўлди. Аммо шу вақтга қадар унинг ўлими юзасидан бошланган тергов ҳалигача якунланмаган.
Нью-Йоркда жойлашган «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» (CPJ) Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровнинг ўлими билан боғлиқ барча ҳолатларни тўлиқ, холис ва мустақил тарзда тергов қилишга чақирди. Бу ҳақда ташкилот Асқаров вафотининг беш йиллиги муносабати билан тарқатган баёнотида маълум қилди.
Азимжон Асқаров 2020 йил 25 июль куни Бишкекдаги жазони ижро этиш муассасасида COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этгани расман маълум қилинган. Бироқ CPJ таъкидлашича, 69 ёшли журналистга ҳаётининг сўнгги кунларида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақидаги ишончли даъволарга ҳукумат ҳалигача муносиб ҳуқуқий баҳо бермаган. Қайд этилишича, Асқаровнинг соғлиғи қамоқда сақланган йиллар давомида изчил ёмонлашган ва у етарли даражада даволанмаган.
«Беш йил ўтди, аммо Қирғизистон ҳукумати журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлимига оид асосий саволларга ҳануз жавоб бергани йўқ», дейди CPJнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Анна Браха.
Баёнотда Қирғизистон ҳукумати Асқаровнинг ҳибсга олиниши ва қамоқдаги ўлими билан боғлиқ барча ҳолатларни очиқ, мустақил ва адолатли тарзда тергов қилиши зарурлиги таъкидланган.
CPJга кўра, Азимжон Асқаров ишида адолат қарор топмас экан, Қирғизистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаверади.
Қўмита 2012 йилда Азимжон Асқаровни «Халқаро матбуот эркинлиги» мукофоти билан тақдирлаган. Шунингдек, ташкилот унинг коррупцияга аралашган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ва милиция зўравонлиги ҳақидаги журналистик суриштирувлари сабаб таъқиб қилингани ҳақида махсус ҳисобот ҳам эълон қилган.

Азимжон Асқаров фаолияти давомида «Фарғона.ру» ва «Озодлик овози» каби оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, у “Воздух” (Ҳаво) нодавлат ҳуқуқ ташкилотига ҳам асос солган. Асқаров 2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубидаги миллатлараро тўқнашувлар чоғида инсон ҳуқуқлари бузилишлари ҳақида маълумот тўплаб, жамоатчиликка етказганидан сўнг ҳибсга олинган.
Ўша йилнинг сентябрида суд уни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган. Халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари суд жараёни жиддий қонунбузарликлар билан ўтганини, Асқаров тергов давомида қийноқларга солинганини бир неча бор таъкидлаган. Amnesty International ташкилоти Асқаровга нисбатан қўйилган айбловларни «сиёсий сабаблар билан сохталаштирилган» деб баҳолаган.
БМТга учинчи шикоят
Азимжон Асқаров ҳибсга олинган илк кунлардан буён унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган Бишкекдаги «Бир дунё – Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига учинчи марта мурожаат қилишга тайёрланаётганини маълум қилди.

Ташкилот баёнотига кўра, Асқаровни оқлаш ва реабилитация қилиш бўйича ишлар давом этмоқда. Шу билан бирга, унинг оиласига ҳуқуқий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳам давом эттирилмоқда. Аввал ҳам ушбу иш юзасидан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига икки марта шикоят юборилган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, Азимжон Асқаровнинг қамоқхонадаги ўлимига беш йил тўлганига қарамай, воқеа юзасидан мустақил, холис, тезкор ва самарали тергов ўтказилмаган. Суд тегишли шикоятларни қаноатлантирган бўлса-да, тергов органлари томонидан амалда ҳеч қандай натижали чоралар кўрилмаган.
Шу боис ташкилот БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига учинчи шикоятни тақдим этишга қарор қилган.
Баёнотда қайд этилишича, мурожаатнинг асосий ҳуқуқий пойдевори Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 6-моддаси ҳамда унинг 2-моддаси 3-қисми ҳисобланади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи ажралмас ҳуқуқ бўлиб, давлат уни қонун билан муҳофаза қилиши шарт. Озодликдан маҳрум этилган шахснинг ҳаёти ва хавфсизлиги учун эса давлат тўлиқ жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, давлат инсон ҳуқуқлари бузилган тақдирда самарали ҳуқуқий ҳимоя воситаларини таъминлаши лозимлиги таъкидланган.
2016 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олинишини ноқонуний, деб топган ва унга нисбатан адолатли суд муҳокамаси ҳуқуқи таъминланмаганини қайд этган. Қўмита Асқаров ғайриинсоний шароитларда сақлангани, қийноқ ва шафқатсиз муносабатга дуч келганини таъкидлаб, уни зудлик билан озод қилиш ҳамда жиноят ишини тугатишни талаб қилган.
Бироқ Қирғизистон ҳукумати мазкур қарорларни бажармаган.
2020 йил май ойида, COVID-19 пандемияси авж олган даврда ҳам БМТнинг мустақил экспертлари Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни озод қилиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирган. Аммо бу чақириқ ҳам ижобий натижа бермаган.
Экспертлар баёнотида, агар Асқаров зудлик билан озод этилмаса, бу Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя этмаётганининг яна бир исботи бўлиши таъкидланган. Шунингдек, 69 ёшли ҳуқуқ ҳимоячисининг қийноқларга дуч келгани ва унга нисбатан ўтказилган суд жараёни халқаро адолат мезонларига жавоб бермагани қайд этилган.
«Азимжонсиз беш йил»
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари масалалари бўйича махсус маърузачиси Мэри Лоулор (Mary Lawlor) Азимжон Асқаров вафотининг беш йиллиги муносабати билан эълон қилган баёнотида унинг иши ўзи учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
У Асқаров билан қамоқхонада шахсан учрашган.
«У жисмонан жуда заиф кўринса-да, кўзларида кучли ирода ва адолатга бўлган ишонч акс этарди. У бошидан кечирган адолатсизликлар ва ғайриинсоний муносабатлар ҳақида ҳикоя қилганида, бу менда чуқур таассурот қолдирган», дейди Мэри Лоулор.

Унинг таъкидлашича, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўйича махсус маърузачиси сифатидаги дастлабки қадамларидан бири Азимжон Асқаров масаласини Қирғизистон ҳукумати олдида кўтариш бўлган.
2020 йил 5 май куни Лоулор Қирғизистон ҳукуматига фавқулодда мурожаат йўллаб, Асқаровнинг адолатли судланиш ҳуқуқи бузилаётгани ҳамда қамоқхонада унинг соғлиғи кескин ёмонлашганидан жиддий хавотир билдирган.
Қирғизистон ҳукумати эса 2020 йил 19 июнда йўллаган жавобида Асқаровнинг аҳволини «қониқарли» деб баҳолаб, тиббий асосларга кўра уни озод қилиш учун сабаб йўқлигини маълум қилган. Орадан бир ой ўтиб, Азимжон Асқаров қамоқхонада вафот этди.
«Ўшанда мен бу ўлимни Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тарихидаги қора доғ деб атаган эдим. Беш йил ўтганига қарамай, бу фикримни ўзгартиришга асос бўладиган бирор воқеа юз бермади», дейди Лоулор.
Унинг фикрича, Асқаровнинг ўлими юзасидан ҳалигача мустақил ва самарали тергов ўтказилмагани катта ташвиш уйғотади. Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг қарорларига қарамасдан, Азимжон Асқаров оқланмаган ва унинг оиласига товон ҳам тўланмаган.
Лоулор Асқаров нафақат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, балки иқтидорли рассом ҳам бўлганини эслатди.
Унинг айтишича, бу йил Азимжон Асқаров хотирасига бағишлаб ўзи ва жамоаси фаолият юритадиган шаҳарларда унинг айрим рассомлик ишлари намойиш этилган.
«Бу уни хотирлашнинг кичик, аммо самимий йўлидир. Унинг ҳаёти фожиали тарзда якунланган бўлса-да, санъати ва мероси орқали номи яшашда давом этади», дейди у.
Матонатли Ҳадича Асқарова
Азимжон Асқаров қамоқда ўтказган ўн йил давомида унинг турмуш ўртоғи Ҳадича Асқарова эрининг озодлиги ва оқланиши учун курашни бир лаҳза ҳам тўхтатмади.
У Бозорқўрғондаги уйида кўплаб хорижлик журналистларни қабул қилди, интервьюлар берди ва Азимжон Асқаров билан Тошкентдаги санъат институтида танишиб, кейинчалик оила қургани ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, улар яратган ижодий асарларни ҳам намойиш қилди.

Турмуш ўртоғи ноҳақ қамалганидан кейин баъзи қўшнилари ва ҳатто айрим яқинлари ҳам улардан юз ўгирган. Шунга қарамай, Ҳадича Асқарова сабр-тоқатини йўқотмади ва адолат қарор топишига бўлган умидини сақлаб қолди.
Азимжон Асқаров ҳақида маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан ҳужжатли фильмлар тайёрланди, унинг тақдири кенг ёритилди.
Қайнонаси вафотидан кейин Ҳадича Асқарова Бозорқўрғонда ёлғиз қолди. Фарзандларининг хавфсизлигини ўйлаб, уларнинг Тошкентда яшашини маъқул кўрди.
Йиллар давомида турмуш ўртоғини ҳимоя қилиб келган Ҳадича Асқарова бугун ҳам марҳум эрининг номини оқлаш ва уни реабилитация қилиш учун курашни давом эттирмоқда.
Мақолани ёзаётган пайтимда Ҳадича опа билан телефон орқали суҳбатлашдим.
«Ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ», дейди у.
Шунга қарамай, у ҳамон Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаровнинг номини оқлаш ва унинг иши бўйича адолат қарор топишини кутиб яшамоқда.
Қора доғ
Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 2010 йил июнь ойида Ўш ва Жалолобод вилоятида содир бўлган миллатлараро тўқнашувлардан сўнг ҳибсга олинган. У оғир жиноятларда, жумладан милиция ходимини ўлдиришда айбланиб, умрбод озодликдан маҳрум этилган.
Асқаров умрининг сўнгги ўн йилини қамоқда ўтказди. У 2020 йил 25 июль куни коронавирус асоратлари ортидан жазони ижро этиш муассасасининг шифохонасида вафот этди. Расмий тиббий хулосага кўра, ўлим сабаби ўткир нафас етишмовчилиги бўлган.
Унинг ўлими юзасидан тергов 2021 йил сентябрь ойида қайта бошланган. Дастлаб ишни Жазони ижро этиш хизмати тергов қилган, кейинчалик материаллар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ўтказилган.
Азимжон Асқаровнинг ўлими Қирғизистон тарихида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг баҳсли ва оғриқли ишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Бу фикрни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов ҳам 2023 йили France Internationale (RFI) радиосига берган интервьюсида тасдиқлаган.
«Асқаров миллатлараро қонли тўқнашувларнинг қурбони бўлди. Бу мамлакатимиз тарихидаги катта фожиа. У энг оғир бадални – ўз ҳаёти билан тўлади. Биз эса уни ҳимоя қила олмадик», деган Байсалов.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат Асқаровнинг оиласи билан мулоқотни давом эттирмоқда.
Байсаловнинг фикрича, Азимжон Асқаровга қўйилган айрим айбловлар иш материаллари билан тўлиқ тасдиқланмаган.
«Уни одам ўлдириш билан боғлаш учун ишончли далиллар мавжуд эмас. Вақт ўтиши билан тарихчилар ва терговчилар воқеанинг ҳақиқий манзарасини тиклайди, деб ишонаман. Бу иш Қирғизистон обрўсида абадий қора доғ бўлиб қолмаслигини истайман», деган у.
Азимжон Асқаров вафотидан беш йил ўтди. Аммо унинг ўлими юзасидан мустақил тергов ҳам, ҳуқуқий баҳо ҳам ҳануз якунланмаган. Бу иш нафақат бир ҳуқуқ ҳимоячисининг тақдири, балки Қирғизистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига муносабатнинг муҳим синовларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шоҳруҳ Соипов