Ўш шаҳрида мэр Жанарбек Акаев иштирокида чет эллик тадбиркорларга нисбатан рейд ўтказилиб, Қирғиз Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонуни талабларига риоя этилиши текширилди.
Рейд давомида давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига жавоб бермайдиган реклама лавҳалари ва ахборот ёзувлари аниқланди. Айрим тадбиркорларга уларни қонун талабларига мувофиқлаштириш учун бир соат вақт берилди.
Жанарбек Акаев тадбиркорларни жамоат тартибига риоя қилишга ҳамда Қирғиз Республикаси қонунларини қатъий бажаришга чақирди.
«Шаҳар ҳокимияти қонун доирасида фаолият юритаётган ҳар бир тадбиркорни қўллаб-қувватлайди. Бироқ сизлар ҳам Қирғиз Республикаси қонунларига қатъий амал қилиб, давлат тили тўғрисидаги қонун талабларини сўзсиз бажаришингиз шарт», — деди мэр.
Бундай рейдлар қонунбузарликларнинг олдини олиш, давлат тили тўғрисидаги қонун талаблари бажарилишини таъминлаш ҳамда шаҳардаги тартибни мустаҳкамлаш мақсадида бундан буён ҳам давом эттирилади.