Ўшдаги пул айирбошлаш шохобчасидаги ҳужумда уч фарзанднинг отаси ҳалок бўлди.
Ўш шаҳар милицияси Амир-Тимур кўчасидаги пул айирбошлаш шохобчасида содир бўлган ўта оғир жиноят ҳақида маълумот берди.
Маълумотга кўра, 24 май куни кечқурун номаълум шахс пул айирбошлаш шохобчасига кириб, 1992 йилда туғилган М.Х. исмли ходимга пичоқ билан ҳужум қилган. Жабрланувчи оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган, аммо операция пайтида вафот этган.
Тергов давомида гумондор сифатида 1988 йилда туғилган Т.Н. ҳибсга олинган. У ҳибсга олиш пайтида ўз жонига қасд қилишга уринган, аммо милиция ходимлари уни тўхтатиб қолган.
Воқеа жойидаги видеокузатув камералари гумондорнинг ниқоб ва кепка кийиб кириб, жабрланувчининг қорин қисмига пичоқ билан бир неча марта хужум қилганини, кейин пул олганини кўрсатган.
Ҳужумни тўхтатишга уринган яна бир фуқаро қўлидан жароҳат олган.
Қотиллик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов давом этмоқда.