Қирғизистон гидрометеорология хизмати 21-27 май кунлари учун мамлакат бўйича об-ҳаво маълумотларини эълон қилди. Унга кўра, ҳафтанинг кўп қисмида ёмғир ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Тоғли ҳудудларда қор ёғиши, айрим ҳудудларда эса кучли ёмғир ёғиши мумкин.
Шунингдек Ўш, Жалолобод ва Баткен вилоятларида ҳам беқарор об-ҳаво кутилмоқда. 21 май куни кечаси Ўш ва Жалолобод вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Бироқ, Баткен вилоятининг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи учта вилоятнинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик ва момақалдироқ бўлади. 22-25 май кунлари кўп ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Тоғли ҳудудларда қор ёғиши, айрим жойларда кучли ёғингарчилик кутилади. 26 май куни баъзи жойларда момақалдироқ бўлиб, чақмоқ бўлиши кутилмоқда. 27 май куни кечаси ёғингарчилик бўлмайди. Бироқ, кундузи баъзи ҳудудларда момақалдироқ бўлиб, баланд тоғли ҳудудларда қор ёғади.