Коронавирус: Қирғизистонда илк ўлим ҳолати қайд этилди – Koronavuris, Mintaqa

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 3 апрелда коронавирус билан касалланган бемор вафот этган. У Новқат туман касалхонасида даволанаётган бўлган.

«Бемор 61 ёшдаги эркак киши. У хориждан келган ва стационар кузатувда бўлган. Текширув таҳлиллари олинганида COVID-19 хасталигига чалингани тасдиқланган. Марҳум юрак томирлари, юрак ҳуружидан кейинги кардиосклероз ва иккинчи даражали қандли диабет хастлигидан ҳам азият чеккан», дейилади вазирлик маълумотида.

Шунингдек, яна 9 нафар одам коронавирус юқтириб олгани аниқланган. Жами республикада бу хасталикка чалинганлар сони 130 кишига етган. Уларнинг тўрт нафари оғир аҳволда, Бир киши сунъий нафас олдириш жиҳозига уланган.

Бу хасталикка чалинганларнинг аксарияти Жалолобод вилояти яшовчилари. Уларнинг ўндан ортиғи ёш болалар экани айтилади.

Коронавирус хасталигидан беш одам тузалиб, уйларига юборилган.

Президент танқиди

Давлат раҳбари Сўўрўнбай Жээнбеков, 31 март куни Бишкекда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғинида коронавируснинг олдини олиш ишларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини танқид қилган.

Унинг сўзларига сўра, республикада коронавирусга чалинганларнинг сони ортаётгани, улар билан алоқа қилганларни ўз вақтида аниқламагани натижасидир.

«Январь ойида «барча лабораториялар тайёр» деб айтаётган эдингиз. Аслида бундай эмаслиги аён бўлди. Тестдан ўтказиш бўйича реагентлар етарли эмас экан. Вазирлик вақтида керакли чораларни кўриши керак эди. Уни бажармагансизлар», дея вазирга танбеҳ берган президент.

Шунингдек, давлат раҳбари коронавируснинг олдини олиш ишларини яхши олиб бора олмагани учун бош вазир муовини Олтиной Ўмурбековани ҳам танқид қилган ва Бош вазирга чора кўриш ҳақида тавсия киритган.

1 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазири Кўсмўсбек Чўлпўнбаев ва Бош вазир мувини Олтиной Ўмурбекова лавозимидан озод этилган.

Уларнинг ўрнига парламент депутати Аида Исмаилова бош вазир муовини, Сабиржан Абдикаримов эса Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ