Коронавирус: Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

Дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавирусга қарши курашишда Ўрта Осиё давлатлари ўзаро ёрдам қўлини чўзишмоқда.

Қирғизистонда уч ҳафталик фавқулотда ҳолат эълон қилиниши ортидан, асосан тадбиркорлик билан шуғулланувчи аҳоли ўз фаолиятини тўхтатган. Бу эса ўз навбатида давлат ғазнасига тушувчи солиқ маблағини камайтирган ва иқтисодиётни заифлашига олиб келган.

Расмийлар коронавирусга қарши курашиш ва бюджетдаги камомадни тўлдириш учун хорижий давлат ва ташкилотлардан ёрдам сўрамоқда. Бундай оғир вазиятда ҳар қандай ёрдам муҳим экани айтилмоқда.

Бугунги кунгача Қирғизистонга АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Япония, Германия, Швейцария ва Қувайт каби давлатлар кўмак кўрсатган. Улар асосан коронавирусни аниқловчи тиббий жиҳоз ва ундан сақланиш учун керак бўладиган буюмлар берганлар.

Ўзбекистон ёрдами

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 1 апрел куни Қирғизистонга коронавирус «COVID-19» касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами юборилган.

Ёрдам Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Қўрғонтепа дон маҳсулотлари», шунингдек, Ўзбекистоннинг фармацевтик компаниялари томонидан темир йўл орқали Қирғизистонга жўнатилган.

«Пандемия кўплаб давлатлар иқтисодиётини издан чиқариб юборди. Ана шундай пайтда бир бирини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади» – деган «Қўрғонтепа дон маҳсулотлари» корхонаси раҳбари Шодилбек Мамажалилов ЎзА ахборот агентлигига.

Қирғизистонга 1000 тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системалар жўнатилган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами

Ўзбекистон юборган инсонпарварлик ёрдами 2 апрел куни темир йўл орқали Ўш шаҳрига етиб келган. Уни Қирғиз ҳукуматининг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Узарбек Жилқибаев бошчилигидаги расмийлар қабул қилган.

«Бизга инсонпарварлик ёрдамини юборгани учун Ўзбекистонга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз ва икки давлат чегаралари эртароқ очилишидан манфатдормиз», – дея урғулаган Қирғиз расмийси.

«116 тага етди»

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 апрелдаги маълумотига кўра, республикада коронавирусга чалинганлар сони 116 тага етган.

Ушбу хасталикни Ўш вилоятида 30 та, Ўш шаҳрида 10, Жалолобод вилоятида 54, Боткен вилоятида 3 ва пойтахт Бишкекда эса 8 одам юқтириб олган.

Шунингдек, коронавирусга чалинганларнинг 5 нафари тузалиб, уйларига юборилган.

Юқумли хасталик республикада кенг тарқалмаслигини олдини олиш мақсадида, 22 мартдан бошлаб Қирғизистон ҳудудида фавқулодда ҳолат, 25 мартдан эса комендантлик соати эълон қилинган. Кечқурун одам ва транспортлар ҳаракати чекланган.

Коронавирус қайд этилган Ўш, Жалолобод, Боткен, Чуй вилоятлари ва Бишкек шаҳрида блокпостлар ўрнатилиб, шаҳар ва туманлар ёпилган. Бозор ва дўконларда озиқ-овқат нархи кўтарилган.

Расмийлар эпидемияга қарши курашиш, унга чалинганларни даволаш ишлари олиб борилаётганини, аҳолини зарур бўлмаса, кўчага чиқмасликка ва вирусдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ