Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги 2026-2027 ўқув йили учун ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини тасдиқлади.
Янги қоидаларга кўра, 11-синф битирувчилари Умумреспублика тест натижаларига кўра бюджет ва шартнома асосидаги ўринларга қабул қилинади. Бу талаб баъзи ижодий ва спорт мутахассисликларига тааллуқли эмас.
Абитуриентлар ҳар бир босқичда битта грант ва битта шартнома асосидаги ўринга ҳужжат топширишлари мумкин. Ҳужжатлар «Онлайн абитуриент» тизими орқали қабул қилинади.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун имтиёзлар тақдим этилиб, Россия, Беларус ва Қозоғистон фуқаролари тенг шартларда иштирок этишлари мумкин.
Вазирлик ушбу ўзгаришлар қабул жараёнини очиқ ва қулай қилишга қаратилганлигини таъкидлайди.