Ўшда опера ва балет санъатининг гала-кечаси ўтди

Бугун, 5 майда Ўш шаҳар марказий майдонида Абдилас Малдибаев номидаги Қирғиз миллий академик опера ва балет театрининг гала-концерти тантанали равишда бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўш шаҳар ҳокимининг ўринбосари Масуда Айдарбекова, Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев ҳамда шаҳар аҳолиси иштирок этди.

Ҳоким ўринбосари нутқ сўзлаб, маданий кечанинг аҳамиятига тўхталди.

«Бугунги кеча — санъатни улуғловчи, қалбларни яқинлаштирувчи алоҳида воқелик. Май ойининг илк кунларида Ўш саҳнасида намойиш этилган “Чолпон” балети ва Жузеппе Вердининг “Травиата” операси томошабинлар қалбида ўчмас таассурот қолдирди. Аншлаг билан ўтган ушбу кечалар юксак санъатга бўлган ҳурмат-эҳтиромнинг яққол далили бўлди», — деди у.

Тадбир давомида Ўш шаҳар ҳокимлиги номидан театр жамоасига 100 минг сом миқдорида пул мукофоти топширилди.

Шунингдек, Абдилас Малдибаев номидаги театр Ўш шаҳрига ижоднинг ўзига хос байрамини тақдим этиб, саҳна орқали гўзаллик, гармония ва юксак ҳис-туйғулар оламини очиб бергани таъкидланди.

Маълумот учун: Абдилас Малдибаев номидаги Қирғиз миллий академик опера ва балет театри — мамлакатдаги ягона опера театридир. У 1930-йилларда мусиқий-драматик театр сифатида ташкил этилган бўлиб, 1942 йилда опера ва балет театрига айлантирилган. Театрнинг 1955 йилда қурилган биноси меъморий жиҳатдан мамлакатдаги энг гўзал маданий масканлардан бири ҳисобланади.

Гала-концертга ташриф буюрган томошабинлар артистларнинг маҳоратига юқори баҳо беришди. Майдондаги ушбу кеча шаҳар маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бирига айланди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ