Бугун, 5 май куни Ўш шаҳрида спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим тадбир бўлиб ўтди. Бир кунда 3 та янги кичик-футбол майдонининг тантанали очилиши бўлиб, фойдаланишга топширилди.
Очилган спорт иншоотлари:
– Сой-Бўйи кўчасидаги кичик-футбол майдони;
– XXIV Партсъезд номидаги 27-сонли умумтаълим мактабининг футбол майдони;
– А.С. Пушкин номидаги 21-мактаб-гимназиясининг футбол майдони.
Тадбирда Ўш шаҳар мэри Жанарбек Акаев иштирок этиб, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, футболни оммавий равишда ривожлантириш шаҳар раҳбариятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
«Ҳозирда Ўш шаҳрида 17 та янги мактаб қурилиши олиб борилмоқда. Биз ҳар бир янги таълим муассасасида замонавий футбол майдони бўлишини таъкминлаймиз», – деди Жанарбек Акаев.
Шунингдек, мэр Сой-бўйи кўчасидаги спорт иншоотларининг ҳолати яхшиланиб бораётганини қайд этиб, келажакда бу ҳудуд тўлиқ спорт шаҳарчасига айланишини қўшимча қилди.
Тадбир доирасида шаҳар раҳбари «Алай» профессионал футбол клуби шароитлари билан танишиб, мураббийлар таркиби билан учрашди. Учрашув давомида Ахматбек Суюмбаев номидаги стадионда клуб учун яратилган шароитлар ва машғулот базаларининг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди.