Президент Садир Жапаров «ижтимоий тармоқлардаги постга лайк қўйгани» учун ҳибсга олинган йигитни текширишни буюрди.
Давлат раҳбарининг Новқат тумани аҳолиси билан бўлган учрашувида маҳаллий турғун Лобархон Эжаман президентга мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, набираси Абдуллоҳ Исмоилов «адашиб бир постга лайк қўйгани» учун бир йилу етти ой давомида қамоқда сақланмоқда.
Президент ишнинг ҳолатларига аниқлик киритиб, ҳибсга олишнинг бундай сабаби қабул қилиниши мумкин эмаслигини айтди.
«Уни «лайк» учун ҳибсга олиш нотўғри. Бунга эътибор беринг. Агар онахоннинг сўзлари тасдиқланса, йигитни дарҳол қўйиб юборинглар»,- деб буюрди Жапаров Бош прокурор ўринбосари Малик Бектурганов ва Ички ишлар вазири ўринбосари Адилбек Бийбосуновга.
У шунингдек, агар ҳибсга олиш учун бошқа асослар аниқланса, қарор қонун доирасида қабул қилинишини таъкидлади.