Ҳайдовчилик гувоҳномаси: Яхши ўқиган курсантлар 4 ойдан кейин имтиҳон топширишлари мумкин
Бу ҳақда Транспорт воситалари ва ҳайдовчиларни рўйхатга олиш давлат маркази хабар берди.
Маълумотга кўра, 10 февралдан бошлаб давлат ҳайдовчилик мактабларига қабул янги тартибда – фақат онлайн тарзда амалга оширилади.
Avtomektep.srs.kg веб-сайтига кириб, шахсий маълумотларни тўлдириб, ўқиш ҳудуди ва гувоҳнама тоифасини танлаб, уни юбориш кифоя. Ариза кўриб чиқилгандан сўнг, номзод автоматик равишда тегишли ҳайдовчилик мактабига рўйхатдан ўтади.
Назарий дарслар онлайн ўтказилади, бир нечта ўқув оқимлари яратилади ва курсантлар ҳудудлар бўйлаб тенг тақсимланади. Ҳар куни янги давлат ҳайдовчилик мактабларини қўшиш, кутиш вақтини қисқартириш режалаштирилган.
Янгиланган дастур йўл ҳаракати қоидаларини чуқур ўқитиш, амалиётни ошириш ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш асосларини ўзлаштиришга қаратилган. Мақсад – хавфсиз ҳайдаш маданиятини шакллантириш ва йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш.
Бундан ташқари, яхши ўқиган курсантлар учун 4 ойдан сўнг имтиҳон топшириш имкониятини жорий этиш режалаштирилган. Тестдан ўтганларга 1 йиллик вақтинчалик ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади ва агар улар бу вақт ичида қоидаларни бузмаса, уларга доимий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.