Бугун, 2 феврал куни Ўш вилоятлараро бирлашган клиник шифохонасининг туғруқхонаси капитал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вакиллик матбуот хизмати хабар қилди.
Тантанали очилиш маросимида Ўш вилояти раҳбари, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Ўш шаҳри вице-мэри, тиббиёт ходимлари ва тегишли муассасалар вакиллари иштирок этди.
Капитал таъмирлаш доирасида туғруқхонанинг «Она ва бола» бўлими, операция хонаси, катталар ва болалар учун реанимация бўлимлари, ҳомиладор аёллар учун патология бўлими, марказлаштирилган стерилизация бўлими, клиник диагностика лабораторияси ва амбулатория диагностика бўлими тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, 3 миллион 855,7 минг сомлик марказлаштирилган кислород таъминоти станцияси ҳам фойдаланишга топширилди.
Янги туғруқхона давлат бюджетидан молиялаштирилиб, икки қаватли бинонинг умумий тендер нархи 87 миллион 900 минг сомни ташкил этди. Тиббиёт муассасаси замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўш вилоят туғруқхонаси 1968 йил 11 апрелда 250 ўринли сиғимга эга бўлиб очилган. Ўшандан бери у биринчи марта катта таъмирдан ўтказилди.