21-январь куни қирғизистонлик машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага Европа Кенгашининг Раул Валленберг номидаги мукофоти топширилди.
Европа Кенгаши баёнотида Абдирасулованинг Марказий Осиёда “инсон ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилишини фош этишдаги беқиёс саъй-ҳаракатлари”, айниқса маҳбуслар ҳуқуқларини, фуқароларнинг тинч йиғилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашдаги толмас меҳнати юксак баҳолангани таъкидланади.
Страсбургда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Европа Кенгаши Бош котиби Ален Берсе Абдирасулованинг жасорати ва фидойилигига, хатарларга қарамай одамларнинг фундаментал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган фаолиятига алоҳида урғу берди.
“Қирғизистондаги илк мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири сифатида Азиза Абдирасулова сукут сақлаб ўтирмасдан, қийноқлар ва асоссиз ушлаб туриш ҳолатларини доимий равишда ҳужжатлаштириб келди. Юқори даражадаги геосиёсий ўзгаришлар ва инқирозлар ҳукм сураётган бир пайтда Раул Валленберг номидаги мукофот ҳуқуқ ҳимоячиларига янада эътибор қаратишга хизмат қилади”, — деди Берсе.
У, шунингдек, Абдирасулова таҳдидлар ва таъқибларга бўйсунмаганини қайд этди.
Берсе Абдирасулова асос солган “Қилим шамы” ташкилоти инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини фош этиб келаётганини, жабр кўрганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётганини ҳамда мамлакат ичида ва хорижда тан олинганини қўшимча қилди.
Абдирасулова мукофотни қабул қилиб олар экан, шундай деди: “Раул Валленберг каби, мен учун ҳам ҳар бир қутқарилган ҳаёт энг қимматли. Ҳуқуқ ҳимояси фаолияти нафақат профессионал тажрибани, балки шахсий жасоратни ҳам талаб қилади. Қийноқларга гувоҳ бўлган ҳар сафар жабрланганларга қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилдим”.
Раул Валленберг номидаги мукофот 2014 йилдан буён Швеция ҳукумати ва Венгрия парламенти ташаббуси билан ҳар икки йилда бир марта топширилади. Будапештда ишлаган швециялик дипломат Валленберг Иккинчи жаҳон уруши даврида ўз мақомидан фойдаланиб, ўн минглаб яҳудийларни Холокостдан қутқариб қолган. У 1945 йилда Совет армияси томонидан қўлга олинганидан сўнг бедарак йўқолган.