2 ёшли бемор 17 та магнит ўйинчоқни ютиб юборганидан сўнг Ўш ҳудудлараро болалар клиник шифохонасига олиб келинган. Бу ҳақда касалхона матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, бола уч кун давомида қусганлиги сабабли аввал туман касалхонасига мурожаат қилинган. Рентген текширувидан сўнг ичакларда бегона нарсалар аниқланиб, бемор Ўшдаги ихтисослаштирилган касалхонага юборилган.
Шифокорлар шошилинч операция ўтказиб, ичаклардан 17 та магнитни бутунлай олиб ташлашди. Ҳозирда боланинг аҳволи барқарор, даволаниш ва тиббий назорат давом этмоқда.
Шифокорлар магнит ўйинчоқлар болалар учун жуда хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Агар бир нечта магнит ютилса, улар ичакларда бир-бирига тортилиши мумкинлиги, бу эса жиддий оқибатларга ва жарроҳлик аралашувга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.