Бугун, 12 декабр куни Ўш шаҳридаги Навоий кўчасида шоир, мутафаккир, жаҳон адабиётининг етук сиймоларидан бири Алишер Навоийнинг ҳайкали очилди.
Ёдгорлик Қурмонжон Дотҳо ва Алишер Навоий кўчалари кесилишига ўрнатилди. Атрофдаги ҳудуд таъмирланди ва тартибга келтирилди. Ишлар маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилди.

Маълумотга кўра, тадбирга шаҳар мэри Женишбек Токторбаев, маданият, ахборот, спорт ва ёшлар вазири Аскарали Мадаминов, президентнинг Ўш вилоятидаги вакили Аманкан Кенжебаев, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилоятининг ҳокимининг маданий мерос ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари Исомиддин Исманов, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Ўзбекистоннинг Ўшдаги консули Зафар Ахмедов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация, шунингдек, маҳаллий аҳоли иштирок этди.

Маросим дастлаб, Навоийнинг ҳайкалини очиб, гул қўйиш билан бошланди. Шундан сўнг концерт дастури билан давом этиб, Навоий ижодидан саҳна кўринишлари тақдим этилиб, қирғизча, ўзбекча қўшиқлар куйланди.

Аввалроқ ушбу кўча (Г. Айтиев кўчасидан Алимбек Дотҳо кўчасигача) реконструкция қилинди ва тўлиқ фойдаланишга топширилди. Йўлнинг узунлиги 2,8 километр, кенглиги 25-26 метр, 6 чизиқли.
Шаҳардаги энг катта кўчалардан бирига 1990 йилда мутафаккир номи берилган.

Бундан ташқари шаҳарда Навоий номидаги истироҳат боғи мавжуд. Мазкур боғ 1968 йилда қурилиб, унда шоирнинг ҳайкали қад ростлаган. Шу билан билан Алишер Навоий номидаги мактаб ҳам бор.

Бугун ёдгорликнинг очилиши икки халқнинг дўстлиги ва биродарлигини улуғлайди ва маданиятга ҳурматни намойиш этади.