Мамлакатда грипп ва респиратор вирусли инфекциялар сонининг кўпайиши муносабати билан карантин жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда 2 декабр куни грипп ва респиратор вирусли инфекциялар бўйича эпидемиологик вазиятни муҳокама қилиш бўйича тезкор штаб йиғилишида эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 24-30 ноябр кунлари оралиғида 37 068 та касаллик ҳолати қайд этилган, бу аввалги ҳафтага нисбатан 2,5 баравар кўп.
Натижада Бишкекда 25 га яқин ва Чуй вилоятида 40 га яқин болалар боғчаси вақтинча ёпилди, Ўш вилоятида эса бешта мактаб онлайн ўқишга ўтди.
Ҳозирда турли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари учун санитария қоидалари тайёрланди ва туман маъмуриятлари ва тегишли идораларга, жумладан, Таълим вазирлиги ва Қирғизистон мусулмонлари диний ишлари бошқармасига хатлар юборилди. Йирик савдо марказлари, маданий ва таълим муассасаларига профилактика чораларини кучайтириш ҳақида огоҳлантирилди.
“Санитария-эпидемиология назорати марказларига нафақат болалар боғчалари ва мактаблар орасида, балки савдо марказларида, айниқса болалар майдончалари бўлган жойларда ҳам профилактика чораларини кучайтириш тавсия қилинди. Касалланиш ҳолатлари сони кескин кўпайган тақдирда, болалар тўпланадиган жойларда вақтинчалик чекловлар ва карантин чораларини жорий этиш имкониятини кўриб чиқиш тавсия қилинди”, – дейилади хабарда.