Ўш шаҳридаги А. Суюнбаев номли марказий стадионнинг 27 сотих ери хусусийлаштирилиб кетган. Ҳозирда ушбу ер участкасини қайтариб олиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда мэриядан билдиришди.
Маълумотга кўра, Ўшдаги марказий стадионнинг шарқий қисмида жойлашган 27 сотих ер участкаси бир вақтлар стадион базаси бўлган. 2003 йилгача бу ҳудудда Ўш вилоят жисмоний тарбия давлат ишхонаси жойлашган ва фаолият юритган.
2003 йилда юқорида тилга олинган ер участкаси вақтинча «РАМ» МЧЖ томонидан эгаллаб олинган. 2008 йилда шаҳар мэриясининг қарори билан ер участкаси Руслан Максудов исмли фуқаро томонидан хусусий мулкка ўтказилган.
Ҳозирда Ўш мэри Женишбек Токторбаев ташаббуси билан ушбу ер участкасини қайтариб олиш ишлари бошланди. Шунингдек, шаҳардаги бир қатор хусусийлаштирилган ижтимоий объектларни шаҳар мулкига қайтариш ишлари олиб борилмоқда.