30 ноябр куни бўлиб ўтадиган муддатидан олдин парламент сайловлари муносабати билан мамлакатда хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилади.
Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги вакили Нурлан Исмаилов “Биринчи радио”да жонли эфирда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Қирғизистон бўйлаб 2492 та сайлов участкасида 5 мингдан ортиқ милиция ходими ишламоқда.
29 ноябр куни соат 08:00 да сайлов кампанияси расман якунланади ва “Сукут куни” бошланади. Қонун бузилишининг олдини олиш мақсадида шу куни ва сайлов даврида 10 мингдан ортиқ милиция ходими кучайтирилган режимда навбатчилик қилади.
Исмаилов сайлов куни тартибни сақлаш, кескинликнинг олдини олиш ва овоз бериш жараёнининг софлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади.