Қирғизистонда онлайн автомактаблари пайдо бўлади

Қирғизистон келажакдаги ҳайдовчиларни онлайн тарзда ўқитадиган ҳайдовчилик мактабларини яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент маъмуриятининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Алмаз Раимбеков жонли эфирда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ўқитишнинг янги формати кундузги машғулотларга кела олмайдиган фуқароларга йўл ҳаракати қоидаларини масофадан ўрганиш имконини беради.

“Мен барчага ишонтирмоқчиман ва хавотирланишга ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтмоқчиман. Агар фуқаролар ўқишга кела олмасалар ёки, масалан, болали аёллар туғруқ таътилида бўлсалар, улар онлайн ўқишлари мумкин. Биз барча шароитларни яратамиз. Бугунги кунда, аксинча, бу жуда долзарб – барча йирик университетлар онлайн ўқишга ўтмоқда ва натижа янада катта. Биз буни амалда кўриб турибмиз”, деб таъкидлади Раимбеков.

У шунингдек, келажакдаги ҳайдовчилар учун амалий дарслар дастури ишлаб чиқилганини ва яқин келажакда жамоатчиликка тақдим этилишини қўшимча қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ