Қирғизистонда 22 та муҳим фойдали қазилмалар мавжуд. Бу ҳақда табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири ўринбосари Алишер Курманалиев маълум қилди.
Унга кўра, Президентнинг 2024 йил 22 январдаги қарори асосида полиметаллар ва ноёб ер элементларини ўзлаштириш бўйича миллий лойиҳа амалга оширилмоқда.
“Ҳозирда мамлакатимизда 22 та муҳим фойдали қазилмалар аниқланган, бироқ бу рўйхат янада кенгайиши мумкин”, – дейди Курманалиев.
Буларга алюминий, литий, графит, мис, вольфрам, титан, уран, кумуш, фторит ва бошқа муҳим элементлар киради.
Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу фойдали қазилмалар рўйхатини ишлаб чиқиш ресурс хавфсизлигини мустаҳкамлаш, сармоя жалб этиш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга хизмат қилади.