Ўш давлат университетида ўзбек тили ва адабиёти маданияти куни — қардошлик ва бирдамлик байрами сифатида ўтди

Ўш давлат университетида ўзбек тили ва адабиёти маданияти кунига бағишланган тантанали тадбир катта руҳий кўтаринкилик ва самимий муҳитда бўлиб ўтди.

Тадбир Ўшдаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси ва “Ватандошлар жамоати” фонди ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу тадбир қардош халқлар — Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий, маънавий ва илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ушбу тадбирда “Ватандошлар жамоати” фонди номидан таниқли фаоллар — Санаев Болидин ва Акмал Шофайзиев иштирок этишди. Улар ўз нутқларида икки давлат халқларини бирлаштирувчи умумий тарих, тил, маданият ва анъаналарнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, ватанпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳини ёшлар онгида мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

Тадбирда Фарғона, Андижон, Наманган ва Қўқон шаҳарларидаги олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар ҳамда вакиллар ҳам қатнашиб, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга оид фикр ва таклифларини билдиришди.

Ош давлат университетида ўтказилган учрашувлар доирасида ўзбек халқининг бой маданий меросини намоён этувчи миллий таомлар, миллий кийимлар ва санъат асбоблари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тадбир қатнашчилари нафақат таомлар ва либослар орқали, балки халқимизнинг юксак маданияти ва меҳр-оқибатини ҳам ҳис этишди.

Шунингдек, тадбир давомида намойиш этилган кинолавҳалар ва нутқлар орқали икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни тиклаш ва янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Бу тадбир нафақат маданий учрашув, балки икки қардош халқ ўртасидаги самимий муносабатларни янада мустаҳкамловчи маънавий майдонга айланди.

Ўзбек тили ва адабиёти маданияти куни нафақат тил байрами, балки халқларимиз дўстлигининг рамзи, юксак маънавият ва ҳамжиҳатликнинг тимсоли сифатида тарихда ўрин эгаллайди.

Бундай учрашув ва ҳамкорликлар ёш авлод қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик, биродарлик ва дўстлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Бирликда куч, дўстликда саодат!

Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик абадий бўлсин!

Қирғизистон Ўзбек Миллий Маданий Маркази

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ