Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан бирига бўлиб ўтадиган парламент сайловлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Аввалги мутасаддилар қилган хатоларни такрорламаймиз. Ҳа, дуо қилишарди. Бу одатни тарк этиш қийин, биламан, баъзи бир интилувчан депутатлар бизга йўл топиб, кўришиб, дуо излаб юрганини биламан. Ҳатто яқинларимиз орасида ҳам шундайлар бор. Бундайларга давлат раҳбарини ҳам, менинг ҳам вақтимиз йўқ. Ишимиз кўп, уйқуга вақт оз»,- деди у.
Ташиев сайловни тоза ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди:
“Сайловни тоза ўтказиш бўйича кўп ишларни амалга оширдик, ҳозир имкон қадар инсон омилини камайтириб, рақамли тизимга ўтдик”, — деди у.
Шунингдек, у номзодларни огоҳлантирди: «Билмай қолишади» деб ўйлаб, ҳар қандай кўз бўямачиликдан узоқроқ туринглар, барибир ҳаммаси ошкор бўлади. Бундай ҳолатда жазо оғир бўлади!»
Махсус хизмат раҳбари ҳам халққа мурожаат қилиб, уларни сайловда фаол иштирок этишга, ўз танловида хато қилмасликка чақирди.