Қирғизистон парламенти тарқатилиб, муддатидан олдин сайлов ўтказилади

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси (МСK) раиси Тинчтиқбек Шайназаров агар Жўғўрқу Кенеш ўзини-ўзи тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилса, МСК шу йилнинг ўзида муддатидан олдин парламент сайловини ўтказишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда у 2 сентябрда “Азаттиқ” радиосига берган интервьюсида маълум қилди.

“Жўғўрқу Кенеш депутатларининг сайлови қонун ва режа бўйича 2026 йилнинг ноябрида ўтказилиши керак. Конституциявий қонунга кўра эса 2027 йилнинг январига президент сайлови белгиланган. Агар 2026 йилнинг ноябрида парламент сайловини ўтказсак, МСК 20 кунда натижани чиқариши керак бўлади. Кейин сайлов натижасидан норози бўлиб, судга мурожаат қиладиганлар чиқади. Шу тарзда депутатлар сайлови декабрь ойигача чўзилиб кетиши мумкин. 2027 йилнинг январида эса президент сайловини ўтказишимиз зарур. Парламент сайлови тугамай туриб, президентлик сайлови ташвиқот ишлари бошланиб кетади”, дейди Тинчтиқбек Шайназаров.

Қирғиз жамиятида Жўғўрқу Кенеш ўзини-ўзи тарқатиб, муддатидан олдин сайлов ўтказиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар қизғин муҳокама қилинмоқда.

Парламентдаги “Альянс” фракцияси раҳбари Жанар Акаев 1 сентябрда “Азаттиқ”нинг саволига жавоб бериб, муддатидан олдин сайлов ўтказишни қўллаб-қувватлашини айтган.

“Ҳозирги Жўғўрқу Кенешнинг муддатидан олдин тарқалишини мен қўллайман. Бунга икки сабаб бор. Биринчидан, 2026 йил охирида парламент сайлови ўтказилиши керак. Бу сайлов якунланиб, Марказий сайлов комиссияси бюллетенларни қўл билан санаб бўлганча, 2027 йилнинг 24 январида президент сайлови яқинлашиб қолади. Ташвиқот ишлари бошланади. Менимча, МСК техник жиҳатдан ҳам, ташкилотчилик жиҳатидан ҳам улгурмайди. Бу сайловларни МСК ҳеч бир нуқсонсиз ўтказиши зарур. Шу боис парламент сайловини бир йил олдин ўтказиш тўғри бўлади, деб ҳисоблайман. Иккинчидан, ҳозирги депутатлар парламент сайлови ҳақида янги қонун қабул қилди. Бундан буён партия деган бўлмайди, кўп мандатли округлардан учтадан депутат сайланиб келади. Ҳозирги депутатлар янги тизимга ўтишни қўллаб-қувватлаганидан кейин янги сайлов ўтказилиши керак”, дейди депутат.

Жўғўрқу Кенешнинг VII чақирилиши 2021 йилда сайланган. Унинг таркибини 90 депутат ташкил этади: “Ата Журт–Қирғизистон”, “Ишеним”, “Интимоқ”, “Альянс”, “Бутун Қирғизистон”, “Иймон нури” партиялари рўйхатидан сайланганлар, ҳамда 36та бир мандатли округдан келган депутатлар.

Парламент ўзини-ўзи тарқатиши учун 30 депутат ташаббус кўтариши ва бу таклифни камида 61 депутат қўллаб-қувватлаши керак бўлади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ