Ўш шаҳридаги “Келечек” бозори савдогарлари учун янги савдо мажмуаси қуришга қарор қилинди. Бу ҳақда контейнер эгалари билан учрашувда шаҳар мэри Женишбек Токторбаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги бозор савдо жойлари ва ижара ҳақи қимматлиги сабабли савдогарлар кўчишдан бош тортган “Жибек-Жолу” муниципал бозори ёнида жойлашади.
“Бозор қурамиз, кейин контейнерларни кўчирамиз. У муниципал бўлади, ер солиғини тўлайсиз, патент оласиз. Мурожаатларингизни кўриб, Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев “Келечек” савдогарларини хафа қилмасликка кўрсатма беришди. Одамлар бир пайтлар савдо жойларини сотиб олганлар, энди бозордан зарар кўрмасликлари керак дедилар”, деди мэр.
Унинг сўзларига кўра, янги бозордаги ишларни 15-20 кун ичида якунлаш режалаштирилган.