Барсбек ҳоқоннинг ҳайкалини бошқа ерга кўчириш таклифи айтилди. Ўрнига кўприк қурилиши режалаштирилмоқда. Бундай лойиҳа Ўш шаҳар капитал қурилиш бошқармаси томонидан тавсия этилди. Бошқарма раҳбари Шумкарбек Пайзиев эскиз лойиҳаси тайёрланаётганини билдирди.
Унга кўра, Б. Осмонов билан Г. Айтиев шоҳ кўчасига кўприк қуриш топшириғи берилган.
“Ҳозирда мазкур лойиҳанинг 1-босқичи олиб борилмоқда. Лойиҳа тайёр бўлганидан кейин, маблағи ҳам аниқ бўлади. Маҳаллий бюджет ҳисобидан қурилади. Қурилиш ишлари 2025 йилда бошланади. Ушбу кўприкнинг қурилиш сабаби, у тарафга янги бозор қурилмоқда. Шунингдек машина бозори ҳам кенгайиб, транспорт тирбандлиги кўп муаммо яратмоқда.
Қурилиш боис Барсбек ҳоқоннинг ҳайкалини жилдириш лозим. Ҳозирда шаҳар аҳолисидан ҳайкални қаерга жилдириш мумкин дея сўрамоқдамиз. Фикр ва мулоҳазалар ҳисобга олинади”,-деди Пайзиев.
Барсбек ҳоқоннинг ҳайкали Ўш шаҳридаги Т. Кулатов ва Г. Айтиев кўчаларининг кесилишидаги халқа йўлда ўрнатилган. Эсдалик 2011 йили 5 октябр куни Ўш шаҳар куни муносабати билан очилган. У шаҳардаги йирик ҳайкаллардан бири. Ушбу мажмуа Мелис Мирзакматов мэр бўлган вақтда қурилган. Ушбу қурилишга маҳаллий бюджетдан 11 миллион сом сарфланган. Лойиҳа Равшан Маматкулов томонидан ишлаб чиқилган.