Қирғизистонда янги туғилган чақалоқлар рақамли рўйҳатга олинади

Қирғизистонда янги туғилган чақалоқларни рўйхатга олиш бўйича рақамли лойиҳа амалга оширилди. Бу ҳақда Рақамли ривожланиш вазири Нурия Кутнаева “Кабар” ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унга кўра, янги туғилган чақалоқларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласини ҳал қилган рақамли лойиҳа Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш ва Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Эндиликда туғруқхонадан чақалоқ туғилгани ҳақидаги маълумот зудлик билан Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Аҳоли рўйхатга олиш бошқармасига юборилади. Ва агар боланинг ота-онаси бола туғилгандан кейин 60 кун ичида туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун ариза бермаса, ижтимоий ходимлар оилага ташриф буюриб, янги туғилган болага ҳужжат олиш кераклигини эслатиб туради.

“Ҳозиргача Қирғизистонда янги туғилган чақалоқларнинг 7-10 фоизи, яъни ўн мингга яқини ҳаётининг биринчи йилида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаган. Бундай ҳолатлар оналик нафақаси, тиббий хизмат кўрсатиш, болалар боғчасига бориш, мактабда ўқиш каби кафолатланган давлат хизматларидан бош тортишга олиб келди. “Давлат тезлаткичлари” дастурини амалга ошириш доирасида 2024-йил май ойида қисқа муддатда бир қанча давлат органларининг ахборот тизимларини интеграциялаш ишлари амалга оширилди. Натижада, бу барча янги туғилган чақалоқларни рўйхатга олиш жараёнини самарали назорат қилиш ва уларнинг тўлиқ ҳужжатлаштирилишини таъминлаш имконини берди”, деди Нурия Кутнаева.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ