Адахан Мадумаровга депутатлик мақоми қайтарилмади

Мадумаров 2023 йилнинг сентябрида давлатга хиёнатда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди ва 2024 йилнинг мартида озод этилган.

“Бутун Қирғизистон” партияси етакчиси Адахан Мадумаровнинг депутатлик мандатидан маҳрум этилишига сабаб бўлган суд ҳукми устидан берган шикояти кўриб чиқилмай қайтарилди.

Бишкек шаҳар суди Первомайский туман суди устидан апелляция шикоятининг «муддати ўтказиб юборилгани боис» қайтарган. Бу ҳақида Озодликка суд матбуот хизмати хабар берди.

Мадумаров 2023 йилнинг сентябрида давлатга хиёнатда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди. Айблов Адахан Мадумаров 2009 йилда Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби бўлганида имзолаган Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги Торт-Кочо участкаси бўйича баённома билан боғлиқ.

Первомайск туман суди сиёсатчини Тожикистонга баҳсли ҳудудни деярли бериб юборганликда ва фирибгарликда айбдор деб топган. Суд ҳукми асосида МСК уни депутатлик мақомидан маҳрум қилган эди.

Унинг ўзи бу айбловларни рад этади ва жиноий таъқибни сиёсий деб баҳолайди. У парламентда амалдаги ҳукуматни бир неча бор танқид қилган, мухолифат партиясига етакчилик қилади ва уч марта президент сайловларида номзод сифатида иштирок этган.

Суд 26 март куни Адахон Мадумаровни хиёнатда айбдор деб топган, бироқ, жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли сиёсатчи жавобгарликдан озод этилган эди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ