Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яна махфий туннел топилди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида яна бир ер ости йўли топилди. Бу ҳақда республиканинг Ўш вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу туннел орқали одамлар ва контрабанда товарлари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб ўтилган. Жумладан, жорий йилнинг 5 апрель куни вилоят ИИБ ходимлари Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Суриштирувлар натижасида, у қўшни мамлакатга ушбу яширин туннел орқали ўтгани маълум бўлган.

Шунингдек, 12 апрелга ўтар кечаси Ноокен туманида Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишни пул эвазига ташкил қилганликда гумонланган маҳаллий аҳоли вакилини ҳам ушлаган.

«Қўлга олиш чоғида гумонланувчидан махсус белгили валюта ва тунги кўриш дурбинлари мусодара қилинди. Шунингдек, у уйида дастлабки қиймати қарийб 30 минг долларга тенг 87 қути наркотик моддани сақлаётгани аниқланди», дейилади хабарда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ