Давлат департаменти: “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун АҚШ қирғиз жамиятига кўмаклашишига тўсқинлик қилиши мумкин

Таҳлилчи ва ҳуқуқшунослар Қирғизистоннинг “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонуни қарийб тўлалигича Россиянинг “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунидан кўчириб олинганини қайд этишган.

Қирғизистонда қабул қилинган “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун АҚШ қирғиз фуқаролик жамиятига кўмаклашишига тўсқинлик қилиши мумкин. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллернинг бу ҳақидаги баёнотини 3 апрель куни АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси эълон қилди.

Миллернинг айтишича, Давлат департаменти демократик ва инклюзив Қирғизистон учун зарурий бўлган ноҳукумат ташкилотлар (ННТ) фаолиятига таҳдид соладиган ушбу қонуннинг қабул қилинишидан қаттиқ хавотирда.

“Бу Қирғизистон расмийларининг демократик бошқарув ва фуқаролик жамиятига путур етказувчи навбатдаги ҳаракатидир”, дейди Давлат департаменти матбуот котиби.

Миллернинг фикрича, ушбу қонун ННТлар учун ортиқча даҳмаза бўлиб Қирғизистон халқига муҳим ёрдам, жумладан АҚШ томонидан ҳам, кўрсатиб келаётган ташкилотлар фаолиятини жиддий чеклаши ёки йўққа чиқариши мумкин қилиши мумкин.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2 апрель куни “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.

Жапаровга кўра, бу қонун имзолангунига қадар Қирғизистонда фаолият юритаётган ноҳукумат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмай, ўз фаолияти ҳақида ҳисоб бермай юришган.

Қирғизистон президенти фикрича, мамлакатда фаолият юритаётган ноҳукумат ташкилотлари вакиллари халқаро донорларни алдаб келишган, шунинг учун ҳам улар “хорижий вакиллари тўғрисида”ги қонун имзоланишига қарши чиқишган. Жапаров бу қонун ёрдамида мамлакат расмийлари “барча бир хил шароитда ишлаши учун ҳамма нарсани очиқ кўрсатиш”ни истаётганини қўшимча қилган.

Март ойи охирида 100 дан зиёд ноҳукумат ташкилоти ва фаоллар қонун лойиҳасини имзоламаслик чақириғи билан президентга мурожаат қилишганди. Мурожаатноманинг очиқликка оид қисмида муаллифлар лойиҳа ташаббускорларининг НҲТ молиялаштириш манбалари ва харажатлар йўналиши тўғрисида ҳисобот топширмаслиги ҳақидаги иддаолари ҳақиқатга тўғри келмаслигини эслатишган.

“Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, НҲТ юридик шахсларнинг барчаси учун, шу жумладан тижорат ташкилотлари учун белгиланганидек ҳисоботлар топшириб келишади, бунинг устига, 2021 йили НҲТ учун топширилажак қўшимча ҳисоботлар белгиланганки, бундай ҳисоботлар тижорат ташкилотларидан талаб қилинмайди”, дея қайд этишган мурожаатнома муаллифлари.

Жапаров томонидан имзоланган қонун эълон қилингани ортидан 10 кундан сўнг кучга киради.

Қирғизистон парламенти “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунни 14 март куни учинчи ўқишда қабул қилган эди. Қонун Жўғурқу Кенеш тарафидан қабул қилингунига қадар халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва Қирғизистон ноҳукумат ташкилотлари депутатларни бир неча бор қонун лойиҳасини қабул қилмасликка чақиришган. Уларга кўра, мазкур қонун лойиҳаси жамоат ташкилотлари учун жиддий хатар туғдиради ва фуқаровий жамият фаолиятининг асоссиз равишда чекланишига олиб бориши мумкин.

Қонунга вето қўйишга Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бош котиби Аньес Калламар ҳам чақирган. Ҳужжат қабул қилиниши юзасидан БМТнинг Қирғизистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Антье Граве хавотир билдирган. Ўз баёнотида у қабул қилинган қонун фуқаролик жамияти фаолиятини асоссиз чеклашга олиб келиши мумкинлигини урғулаган.

Таҳлилчи ва ҳуқуқшунослар Қирғизистоннинг “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонуни қарийб тўлалигича Россиянинг “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунидан кўчириб олинганини қайд этишган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ