Бишкек ИЭМдаги авария оқибатларини деярли минг киши бартараф этмоқда

Бишкек иссиқлик электр станциясидаги авария оқибатларини бартараф этишга 862 нафар мутахассис жалб қилинган. Бу ҳақда 4 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа жойида 82 нафар қутқарувчи ва Фуқаро муҳофазаси хизматининг 780 нафар ходими, жумладан, қурувчи ширкатларнинг 263 нафар ходими ишламоқда.

ФВВ айтишича, ҳозирда бинодан сувни бартараф қилиш ишлари якунланиб, изоляция ишлари олиб борилмоқда.

Бишкек иссиқлик марказида авария 2 февралга ўтар кечаси содир бўлгани. Авария оқибатида шаҳар аҳолисига иссиқ сув бериш тўлалигича тўхтатилган.

Маҳаллий вақт билан тунги соат 3 да содир бўлган авария ортидан шаҳардаги бир неча мавзе иссиқлик таъминотисиз ҳам қолган.

Иссиқлик марказидаги авария оқибатида беш киши тан жароҳати олган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Медербек Исмаилов жабрланувчилардан икки нафарининг аҳволи оғирлиги, яна бир кишининг аҳволи ўртача эканини маълум қилган. Жабрланувчилардан яна икки нафари касалхонага ётишдан бош тортиб, амбулатор муолажа олишган.

Авария туфайли иссиқлик марказида фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган. Президент топшириғи билан юзага келган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш учун давлат комиссияси тузилган.

Воқеа юзасидан прокуратура «ваколатни суиистеъмол қилиш” ҳамда “магистраль қувурларни қуриш, фойдаланиш ёки таъмирлаш вақтида хавфсизлик қоидаларини бузиш” моддалари бўйича жиноят ишини қўзғатган. Тергов Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топширилди.

Таъмир ишлари қўшиб ҳисоблаганида иссиқлик таъминотини тиклашга 5 кундан 7 кунгача вақт кетиши мумкинлиги айтилган.

Авария ортидан Қирғизистон пойтахтидаги барча мактаблар онлайн ўқув тизимига ўтишган, боғчалар эса вақтинча фаолиятини тўхтатишган.

Bo'limsiz

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ