Бишкек ИЭСдаги авария ортидан Ўзбекистон Қирғизистонга суюлтирилган газдан иборат ёрдам жўнатди

Бишкек иссиқлик электр станциясида портлаш юз бергани ортидан Ўзбекистон гуманитар ёрдам сифатида Қирғизистонга суюлтирилган газ баллонларини жўнатди. Ёрдам миқдори қанча экани аниқ айтилмаган. Лекин қирғиз нашрлари камида мингта баллон Андижон вилояти орқали Жалолобод шаҳрига еткизилганини ёзди.

Хабарларда айтилишича, суюлтирилган газ баллонлари Жалолободда тушириб қолдирилган ва газ тез орада Бишкекка етказилади.

Ўзбекистондан ташқари Турманистон ҳам Бишкекка 5 февраль куни инсонпарварлик ёрдами сифатида 2 минг тонна суюлтирилган газни етказиб берди.

Қозоғистон эса авария оқибатлари бартараф этилгунига қадар Бишкекни электр энергияси билан таъминлашга ҳисса қўшишини маълум қилди.

2 февралга ўтар кечаси Бишкек ИЭСининг 14-қозонида кучли портлаш юз берган эди. Оқибатда ИЭС ишчиларидан тўрт нафари касалхонага ётқизилган. Улардан икки нафаринингг аҳволи ўта оғир.

Портлаш ортидан 2 февралдан 6 февралгача Бишкекдаги барча мактаблар онлайн ўқитишга ўтказилган, болалар боқчалари ёпилган. Бишкекнинг қатор мавзелари иссиқлик, иссиқ сув ва электр таъминотидан узилиб қолди.

Авария оқибатларини бартараф этиш учун мингга яқин мутахассис жалб этилди.

ИЭСдаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Терговни Миллий хавфсизлик қўмитаси олиб бормоқда.

Bo'limsiz

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ