Депутат Салимбойдан президентни йўқ қилишда ёрдам сўраган

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айтишича, Жўқорғу Кенеш депутати Эмил Жамғирчиев ўзбекистонлик «Салимбой» лақаби билан машҳур Салим Абдувалиевдан “икки дўстни йўқ қилишда ёрдам” сўраган.

“Менга тақдим этилган маълумотларга кўра, у Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, «Салимбой» лақабли криминал авторитет Салим Абдувалиев билан учрашиб, “икки дўстни” йўқ қилишда ёрдам сўраган”, деди Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Қирғизистонликлар «икки дўст» ёки «эски дўстлар» деб президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиевни атайди.

Эмил Жамғирчиев бу айбловларни рад этмоқда. У 17 январга белгиланган парламент йиғилишида ўз иши бўйича батафсил маълумот бермоқчи.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига у нега «Оқ уйдан» қочганини, МХДҚга суҳбатга борганга қадар қаерда бўлгани ҳақида тўлиқ маълумот беришини айтган.

“Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиевга мурожаати борасидаги саволга у бу ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган. «Билганимни махсус комиссия йиғилишида айтганман, бу иш бир йилдан бери чўзилмоқда. Хатни кўрмаганман, у нима ҳақидалигини ўзим ҳам билмоқчиман сессияда», деган депутат.

Қирғизистон парламенти 10 январда кўпчилик овоз билан депутат Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берганди. Мазкур қарорни 69 депутат қўллаган.

Бу масала бўйича тузилган депутатлар комиссияси раиси Алишер Эрбаев Эмил Жамғирчиев 2022 йилда “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев билан учрашиш ва ундан қўллов олиш мақсадида Қирғизистон чегарасини ноқонуний бузиб Ўзбекистонга ўтганини билдирди.

Ўтган йилнинг 27 декабрида Бош прокурор Қурманқул Зулушев депутат Эмил Жамғирчиевни “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” моддаси асосида жиноий жавобгарликка тортиш учун парламентдан рухсат сўраган эди.

Эмил Жамғирчиев 9 январда фракциядоши, депутат Нилуфар Олимжонованинг кабинетига кириб, иккинчи қават деразасидан қочиб кетган эди. Ўша куни депутатлар комиссияси Жамғирчиевни жавобгарликка тортишга рухсат бериш масаласини кўриб чиқаётган эди.

Унинг ўзи ушбу жиноий иш “у Кампиробод сув омбори бўйича Ўзбекистон билан келишувга қарши овоз берганидан кейин” қайта очилганини иддао қилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ