Колбаевга тегишли 720 хонадон давлат тасарруфига ўтди

Қамчибек Колбаев жиноий фаолият орқали ноқонуний равишда бойиб, доллардаги миллиардерга айлангани айтилмоқда.

Ўғрибоши Колбаевга тегишли, ҳали қурилиши тугалланмаган 720 хонадон давлат мулки сифатида қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат мулкини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Медер Машиев 22 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Ушбу активлар Қамчибек ва унинг шериклари товламачилик ва босқинчилик йўли билан қўлга киритган мол-мулкни давлатга ва жабрланган шахсларга қайтариш ишлари доирасида мусодара қилинган.

Аввалроқ, МХДҚ Қамчибек Колбаев жиноий фаолият орқали ноқонуний равишда бойиб, доллардаги миллиардерга айланганини маълум қилган эди.

Идоранинг маълумотларига кўра, Колбаев, унинг қариндошлари ва шерикларининг ноқонуний тарзда орттирилган бойликлари қаторига 850 дан ортиқ кўчмас мулк киради: виллалар, коттежлар, ҳашаматли уйлар, қурилаётган бинолардаги квартиралар, дам олиш масканлари, оромгоҳлар, ресторанлар, ер участкалари, отхоналар ва ов масканлари, 60 дан ортиқ ҳашаматли автомобиллар, қимматбаҳор заргарлик буюмлари ва бошқа мол-мулклар.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ