«ЦУМ-Айчурек» савдо мажмуасининг эгаси халқаро қидирувга берилди. 

Бишкек марказидаги «ЦУМ-Айчурек» савдо мажмуасининг эгаси Анвар Габбазов (Маметов) халқаро қидирувга берилди. 

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилишича, Габбазов ўғрибоши Қамчибек Колбоев (Қамчи Асанбек) ва унинг шерикларининг “ноқонуний йўл билан орттирган мол-мулкини аниқлаш” доирасида қидирувга берилган. Тадбиркор уюшган жиноий гуруҳни молиялаштиришда ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланмоқда.

Аниқланишича, тадбиркорнинг ёрдамчиси, спортсмен Мурат Рамонов Қамчи Асанбекнинг жиноий йўл билан қўлга киритган мол-мулкини «ювиб бериш» мақсадида ўз номига расмийлаштган ва кейинчалик ушбу мулкни баъзи сиёсатчиларга ўтказиб берган.

Жумладан, собиқ бош вазир Сапар Исаков қамоқдан озод этилгач унга инъом этилган Мерседес-Бенц С600 зирҳли автомобил айнан Габбазовга тегишли бўлган.
«Кейинчалик, 2020 йилнинг 5 октябрь куни Сапар Исаков баъзи сиёсатчилар билан тил бириктириб Ала-Тоо марказий майдонида оммавий тартибсизликлар уюштиришда ушбу автомобилдан фойдаланган”, — дейилади баёнотда.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ