Қирғизистонда Россия қидираётган яна бир фаол ўғирлаб кетилди

Бишкекда номаълум шахслар Россиядаги “Сўл блоки” фаоли Лев Скорякинни ўғирлаб кетишди.

Бу ҳақда “Новая газета Европа” исмини ошкор этишни истамаган ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб маълум қилмоқда.

Ҳуқуқбонларнинг сўзларига кўра, 16 октябрь кечаси Скорякин яшайдиган бошпанага икки машина тўла одам бостириб келган. Ўзини Қирғизистон ИИВ жиноят қидирув бўлими ходимлари деб таништирган бу шахслар фаолни номаълум томонга олиб кетишган.

Янгилик ёзилаётган вақтда Скорякин қаерда ва қандай мақомда эканлиги номаълум эди.

Россия Ички ишлар вазирлиги Скорякинни ва унинг “Сўл блок”даги ҳамкасби Руслан Абасовни 2021 йил декабрдан бери қидирмоқда: фаоллар ФСБ биноси олдида шиор ва файер билан “ЧеКистлар куни муборак” перформансини ўтказган. Фаоллар безориликда, Абасов эса қўшимча вандализмда ҳам айбланган.

Скорякин ва Абасов 2022 йил июль ойида Россиядан қочиб кетган эди. 2023 йил июнь ойида Скорякин Бишкекда ҳибсга олинган,сентябрь ойида қўйиб юборилган. Қирғизистон Бош прокуратураси уни Россияга бериш сўровини рад этган, чунки Скорякин Қирғизистондан бошпана сўраган, ва демак, қонунчилик бўйича уни Россияга топшириб бўлмайди.

Абасов эса Хорватиядан бошпана сўраган. Лекин унга рад жавоби берилиб, Босния ва Герцеговинага бадарға қилинган ҳамда беш йил Европа Иттифоқига кириши тақиқланган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ