Президент Садир Жапаров Бишкекдаги махсус амалиёт чоғида жиноий авторитет Қамчибек Кўлбаев ўлдирилишига изоҳ берди.
Давлат раҳбари «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус амалиёти ҳақида интернетдан билганини айтди.
“Мен дарҳол Бош прокурор ва ҳарбий прокурордан жойига чиқиб менга аниқ маълумот беришни сўрадим. Улар масалани жойида ўрганиб отишма бўлганини, ўлганлар ва ярадорлар борлигини маълум қилишди. Ҳарбий прокуратурага махсус амалиёт қонунга мувофиқ ўтганини текшириш топширилган. Ҳозирда суриштирув кетяпти, натижасини кутайлик”, — деди Жапаров.
Журналистнинг жиноий оламнинг жамият ва давлатга таъсири ҳақидаги саволига президент “ривожланган мамлакатларда жиноий олам тушунчаси йўқ” дея таъкидлади. Унинг фикрича, “жиноий олам нафақат давлат, балки фуқаролар ва инвесторлар фаоллигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда”.
“Қароқчилик даврларини унутиш керак. 21 аср кўчада. Ҳаммаси қонун доирасида бўлиши керак. Агар кимдир талончиликка дуч келса, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилсин”, – деди Жапаров.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, 4 октябь куни тадбиркорларнинг мулкини ноқонуний йўл билан тортиб олиш иши доирасида ўтказилган махсус амалиётда Колбаев қуролли қаршилик кўрсатган.
Криминал авторитет ҳодиса жойида ўқотар қуролдан олган жароҳат оқибатида вафот этган. Амалиёт чоғи махсус хизмат вакиллари ёки фуқаролар жабрланмаган.
Колбаевни қўлга олиш бўйича амалиёт Бишкекдаги “Блондер Паб” кафесида ўтказилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Колбаевнинг бошқа бир жиноий тўда раҳбари Чингиз Жумақуловнинг ўлдирилишига алоқадорлиги юзасидан ҳам суриштирув ўтказаётган эди.
Жорий йил август ойида Колбаевга нисбатан очилган трансмиллий жиноий гуруҳ ташкил қилиш бўйича жиноят иши муддати ўтгани сабабли тўхтатилганди.
“Қонундаги ўғри” 2020 йил октябрь ойида ҳам Қирғизистон Жиноят кодексининг 249-моддаси (жиноий гуруҳ тузиш) бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган эди. Ўша йилнинг ноябрида у саломатлиги важидан ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилган.
2021 йил 2 март куни Бишкек суди унга нисбатан қўлланган чорани ўзгартириб, яшаш манзилини тарк этмаслик ҳақидаги тилхат билан қўйиб юборган.
Бу орада мазкур шахс жиноий йўл билан топилган катта миқдордаги маблағни легаллаштиргани учун терговга жалб этилгани ўртага чиққан.
Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.
2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.
2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.
Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.