Отиб ўлдирилган Қамчи Кўлбаевнинг қудалари ҳибсга олинди

Қудалар жиноий гуруҳ тузиш ёки унга аъзо бўлишда гумонланмоқда.

4 октябрь куни Бишкекда ўлдирилган “қонундаги ўғри” Қамчибек Колбаевнинг икки қудаси ҳибсга олинди.

Бишкекнинг Первомайский туман суди эҳтиёт чораси сифатида 8-9 октябрь кунлари Рустам Турдиев ҳамда Турсунтой Салимовларни МХДҚ тергов изоляторига жойлаштирган.

Маҳаллий ОАВ ўз манбаларига таяниб хабар беришича, ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг қудаси бўлмиш Рустам Турдиев жиноий гуруҳ тузиш бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган.

Турдиев 2021 йилда Колбаев билан қуда бўлган. Унинг ўғли Колбаевнинг қизи билан оила қурган.

Аввалроқ, «қонундаги ўғри»нинг яна бир қудаси, собиқ депутат Турсунтой Салимов ҳам жиноий гуруҳ тузиш ёки унга аъзо бўлиш бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган эди.

Махсус хизмат маълумотларига кўра, “Асанбек ва унинг шериклари, яқинлари товламачилик ва босқинчилик йўли билан қўлга киритган мол-мулкни легаллаштиришга алоқадор бўлган».

МХДҚ 2008 йилдан буён Колбаев тузган жиноий гуруҳ фаолиятини таҳлил қилар экан, Қамчибек Колбаев “тизимли ва мақсадли равишда жиноий империя яратганини” ҳамда “жиноий фаолият орқали ноқонуний равишда бойиб, доллардаги миллиардерга айланганини” қайд этган.

Идоранинг маълумотларига кўра, Колбаев, унинг қариндошлари ва шерикларининг ноқонуний тарзда орттирилган бойликлари қаторига 850 дан ортиқ кўчмас мулк киради: виллалар, коттежлар, ҳашаматли уйлар, қурилаётган бинолардаги квартиралар, дам олиш масканлари, оромгоҳлар, ресторанлар, ер участкалари, отхоналар ва ов масканлари, 60 дан ортиқ ҳашаматли автомобиллар, қимматбаҳор заргарлик буюмлари ва бошқа мол-мулклар.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ