Чон-Алай ва Новқат туманларида митинг ўтказиш вақтинчалик тақиқланди

Ўш вилоятининг Чон-Алай ва Новқат туманларининг жамоат жойларида митинг ва тинчлик акцияларини ўтказиш вақтинча тақиқланди. Бу ҳақда «Клооп»га 4 октябрда Ўш вилоят суди билдирди.

Маълумотга кўра, Новқат туманидаги жамоат жойларида митинг ўтказиш шу йилнинг 7 сентябридан 7 ноябригача тақиқланди. Чон-Алай туманида тақиқ 18 сентябрдан 18 ноябргача давом этади. Тақиқ бўйича октябрнинг бошида маълум бўлди.

Ўш вилоят ИИБи чеклов «хавфсизликни сақлаш мақсадида» киритилганини билдирди. Батафсил маълумот берилмаган.

Сентябрнинг охирида маҳаллий ҳукумат Ўш вилоятининг Ўзган туманида митинг ўтказишни тақиқлаган. Суднинг қарорига кўра, бу ҳудудда 8 ноябргача митинг ўтказилмайди.

Чеклов ҳақида маълум бўлгунча қамоқдаги депутат Адахан Мадумаровнинг тарафдорлари уни озодликка чиқариш талаби билан Ўзган туманининг Қуршоб қишлоғига йиғилишган.

Милиция «жамоат жойларида норозилик акцияларини ва митингларни ўтказиш тақиқланганини» билдириб йиғилганларни тарқатиб юборган.

Митингларни ўтказиш Бишкекда ҳам тақиқланиб, уни суд 2022 йилнинг март ойидан бери узайтириб келади.

Суднинг қарорига кўра, Ала-Тоо майдонида, Эркинлик бульварида, президент администрацияси, Жогорку Кенеш, Олий суд, Россия элчилиги ва МХДҚнинг бинолари олдида, Панфилов боғида ва Турсунбаева номидаги истироҳат боғида вақтинча митинг ўтказиб бўлмайди.

Тақиқ давлат ва муниципал расмий тадбирларга алоқаси йўқ. Бошқа митинглар ва акциялар Исанов кўчасидаги Максим Горький номидаги боғда ўтиши керак.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ