Марказий Осиёлик мухолифатчилар МО-Германия саммити ҳошиясида намойиш ўтказди

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер 29 сентябрь куни Берлинда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан илк бор янги «5+1» форматида учрашди.

Марказий Осиё-Германия саммити муносабати билан хориждаги Марказий Осиёлик мухолифат фаоллари федерал президентнинг Бельвю саройи олдида норозилик намойишини ўтказди.

Улар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан “Путин режимига халқаро санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермасликни” талаб қилмоқда. Бундан ташқари, мухолифатчилар президентлардан «Россиянинг Украинага тажовузини ошкора қоралашни ҳамда ушбу беш давлатда Кремль ташвиқотини жиловлашни» талаб қилган.

Хориждаги мухолифат фаоллари президентлардан шунингдек ўз давлатида сиёсий таъқибни тўхтатишни, мухолиф партияларни сайловларга қўйишни, сўз эркинлигини таъминлашни, қийноқлар ва давлат зўравонлиги жазосиз қолмасликни талаб қилган.

Ўзбекистонлик фаоллар Президент Шавкат Мирзиёев кортежи ўтиб кетаётганда “Мирзиёев – Путиннинг вассали” деб ҳайқиришди. Видеони “Озод Ўзбекистон” ташкилоти чоп этган.

Қозоғистонлик фаол Раушан Тўлганбоева “Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган” Касим-Жомарт Тоқаевга нисбатан ҳам санкциялар киритишни талаб қилган.

Намойишда мухолифат фаоллари билан бирга ҳукуматпараст фаоллар ҳам қатнашган. Булар сезиларли даражада кўпроқ эди.

Тожикистоннинг мухолиф Миллий Альянс ва “Гуруҳ 24” ҳаракатларининг 30 нафарга яқин вакили 28 сентябрь куни Раҳмоннинг ташрифига боғлаб Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида норозилик намойишини ўтказган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ