АҚШ президенти Байден 19 сентябрда Марказий Осиё президентлари билан саммит ўтказади

АҚШ президенти Жо Байден 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари президентлари билан С5+1 форматида учрашади. Байденнинг маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ президенти Марказий Осиё лидерлари билан тарихда илк маротаба мазкур форматда саммит ўтказаётганини айтди.

Салливанга кўра, саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва иқтисодий алоқалар, иқлим ўзгариши муаммолари, давлат бошқаруви масалалари ва қонун устиворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар муҳокама этилади.

“Амалда С5+1 формати 2015 йилда бошланган. Ўшандан бери бу формат мустаҳкамланди. Эндиликда эса у лидерлар даражасига кўтарилди”, – деди Салливан.

АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари даражасидаги C5+1 саммити илк бор 2015 йилда Самарқандда ўтказилган эди.

17 сентябрга ўтар кечаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммитда ва БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясисида иштирок этиш учун Нью-Йоркка етиб борди. Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблеяда 19 сентябрь куни нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, АҚГШ сафари доирасида Мирзиёев хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ